Қаришни секинлаштирадиган ҳужайра аниқланди

Саломатлик

image

Исроилдаги Бен-Гурион университети олимлари биологик қаришни секинлаштира оладиган иммун тизими ҳужайраларини аниқлади. Уларга CD4-Eomes деб ном берилди. Бу ҳақда “Sciencealert” хабар берди.

Маълумки, ёш ўтиши билан организмда “зомби-ҳужайралар” деб аталадиган қари ҳужайралар тўпланади. Улар бўлиниш қобилиятини йўқотади, аммо турли молекулаларни ишлаб чиқаришда давом этади. Ушбу молекулалар яллиғланишни келтириб чиқаради, бу эса кексалик касалликларига ва умр давомийлигига таъсир қилади.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, CD4-Eomes иммун ҳужайралари айнан шу зарарли қариган ҳужайраларни топиб йўқ қилади ва шу орқали молекуляр даражада қариш жараёнини секинлаштиради.

Тажриба давомида олимлар CD4-Eomes ҳужайраларини ёш ва қари лаборатория сичқонларига кўчириб ўтказган. Кузатувларга кўра, қариган ҳужайралар сони ошганида иммун тизими уларни йўқ қилишга мослаша бошлайди. CD4-Eomes функцияси олиб ташланган генетик ўзгартирилган сичқонларда эса қариган ҳужайралар жуда кўпайган.

CD4-Eomes ҳужайралари оғир касалликлар, масалан, жигар циррози вақтида ҳам ҳимоя таъсири кўрсатган – улар жигар тўқимасидаги чандиқларни камайтиришга ёрдам берган.

Энди олимлар CD4-Eomes ҳужайралари турли одамлар генетикасига, ёшига ва бошқа омилларга қараб қандай реакциялар беришини ўрганишни режалаштирмоқда. Келажакда ушбу ҳужайралар қаришга қарши дори воситалари яратиш учун асос бўлиши мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олимлар ўсмирлик давридаги тажовузкор хулқ биологик қариш жараёнини тезлаштириши мумкинлигини аниқлаганди. Қаришнинг асосий сабабини аниқлашга йўналтирилган тадқиқот Виржиния университети олимлари томонидан ўтказилган. Уларнинг 17 йил давом этган тадқиқоти 123 нафар иштирокчини қамраб олган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил қариш Бен-Гурион CD4-Eomes

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг