Қайси ҳудудларда коррупцион жиноятлар кўпайгани айтилди

3-саҳифа

image

Андижон, Наманган Тошкент, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида коррупцияга оид жиноятлар сони ортди. Бу ҳақда бугун, 5 сентябрь куни Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза кўриб чиқилиши чоғида айтилди. 

Қайд этилишича, 2024 йилда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлашга қаратилган 8 норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.

Шу билан бирга, муҳокамада сенаторлар томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида айрим камчиликлар сақланиб қолаётгани қайд этилган.

Хусусан, 2024 йилда республика бўйича Андижон, Тошкент, Наманган, Сирдарё вилоятларида коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига энг кўп зарар етказилган, коррупцияга оид жиноятлар сони эса Андижон, Наманган Тошкент, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида ортган.

Коррупцияга оид жиноятлар учун судланган шахсларнинг аксарияти Мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш вазирлиги, тижорат банклари ҳамда бандлик тизими ходимларига тўғри келади.

Адлия вазирлиги томонидан 2024 йилда 2 мингдан ортиқ лойиҳанинг 222 тасида ёки 11 фоизида 337 коррупциявий омил аниқланган. Коррупциявий омилларнинг аксарияти Иқтисодиёт ва молия, Экология, Қишлоқ хўжалиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари томонидан киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда аниқланган.

Сенат аъзолари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, қатор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қуйидаги таклифлар билдирилган:

  • Коррупцияга оид жиноятларни таҳлил қилган ҳолда жиноятлар кўрсаткичи ошган давлат органлари ва ташкилотларида кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни белгилаш;
  • Коррупция ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш тизими бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини фаоллаштириш;
  • Давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ички назорат тузилмалари ходимларига қўшимча вазифалар юклатилишининг олдини олиш;
  • Ички назорат тузилмалари томонидан назорат тадбирлари мунтазам равишда ўтказилишини таъминлаш;
  • Одоб-ахлоқ комиссияларининг фаолиятини кучайтириш. 

Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган шаҳри ҳокими Анвар Отахўжаев 60 минг доллар пора олаётганда қўлга олинганди. Ҳоким ва пойабзал ишлаб чиқарувчи МЧЖ раҳбари ўзаро тил бириктириб, қурилиш соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқародан шаҳар ҳудудидаги 35 сотих ер майдонида жойлашган, маънан эскирган тураржой бинолари ўрнига кўп қаватли уй барпо этиш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш эвазига 60 минг АҚШ доллари талаб қилган. Қолаверса, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳокими ҳам пора билан қўлга тушган эди. У умумий ўрта таълим мактаби биносини барпо этиш учун ажратилган 1,7 гектар ер майдонида 8 та кўп қаватли уйлар қурилишига рухсат олиб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция Сенат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг