Арипов бош барча вазирлар “иномарка”дан ёппасига воз кечмоқда

Таҳлил

Жорий йилнинг 5 март куни Президент Шавкат Мирзиёев коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда амалдорлар хизмат транспортида юришни кескин қисқартириб, миллий автомобиль ва миллий мебелга ўтиши зарурлигини айтган эди. 

Шунга кўра, Бош вазир Абдулла Арипов 7 март куни видеоселектор йиғилишида барча давлат амалдорларига хорижий хизмат автомобилларидан фойдаланишни тўхтатиш ҳақида топшириқ берган. Бош вазирнинг матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятов бу қарор 1 апрелдан эмас, балки зудлик билан амалга оширилиши кераклигини таъкидлаган:

“Менга буни 20 мартдан ёки 1 апрелдан жорий қилайлик, деб таклиф беришяпти. Йўқ, унақаси кетмайди. Президентимиз топшириқ бердими, зудлик билан бажаришимиз шарт. Бу ҳукуматнинг асосий вазифаси”, деган Бош вазир 7 март куни бўлиб ўтган видеоселекторда.

Шунга кўра, амалдорлар ўз машиналарини ёппасига миллий бренд остидаги автомобилларга алмаштиришга ўтган.

Биринчилардан бўлиб Бош вазир Абдулла Ариповнинг ўзи қимматбаҳо Mercedes-Benz русумли хизмат автомобили ўрнига Malibu Premier 2 русумли автомобилдан фойдаланишга ўтган. Буни тасдиқловчи видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалиб бўлди. Бош вазир матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятов ҳам буни тасдиқлади.

Сенат раиси Танзила Норбоева ҳамда Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов Chevrolet Tahoe, Бош вазир ўринбосарлари Malibu, вилоят ҳокимлари эса Tahoe ёки Traverse’га ўтган.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, ТИВ раҳбари аввалданоқ миллий бренд остидаги Malibu 2 да юради. Шу сабабли ҳам у бу масала Ташқи ишлар вазирлигида аллақачон ҳал этилган, деб ҳисоблайди. 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбай Шарипов айни пайтда Францияда хизмат сафарида юрибди. Қўнғиротбой Шарипов номига берилган Mercedes-Benz, шунингдек, вазирнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котибига аталган Skoda русумли хизмат автомобиллари эса давлат тасаввурига қайтарилган. Айни пайтда уларнинг хизмат машинаси йўқ. Пиёда. Вазирнинг ўринбосарлари Malibu 2’да юради. Эндиликда вазирликнинг барча раҳбари Malibu ва Lacetti русумли хизмат автомобилларидан фойдаланиши кутилмоқда.

Сув хўжалиги вазирли Шавкат Ҳамроев Malibu 2 русумли автомобилда юрибди. Вазирнинг биринчи ўринбосари Lacetti 2 га ўтган. BYD Song электромобилида юрадиган яна бир ўринбосар ҳам тез орада миллий брендга ўтиши кутилмоқда.

“Вазиримизга Вазирлар Маҳкамасидан қандай машина берилса, ўшанда юраверадилар. Ҳозирча бизга ҳам маълум эмас”, демоқда Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг ахборот хизмати ходимлари.

Мудофаа вазири лавозимига тайинланганига ҳали кўп бўлмаган Шуҳрат Холмуҳаммедов собиқ вазир Баҳодир Қурбоновдан қолган TrailBlazer русумли автомобилда юрибди. Бу автомобиль Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади. Шундай экан, вазир машинасини ўзгартириши шарт эмас.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг эса Malibu 2 русумли машинаси бор ва у ҳам ўз уловни ўзгартириши шарт эмас.

Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, вазирликдаги барча хизмат автомобиллари миллий бренд остида. Бундан кўринадики, вазир Жўрабек Мирзамаҳмудов ўзимизнинг газ ва бензинда юрадиган миллий маҳсулотдаги автомашиналарни афзал кўради.

Қурилиш вазири Шерзод Ҳидоятов бир муддат аввал Mercedes русумли хизмат машинасини Malibu’га алмаштирган. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Саидносир Усмонов маълум қилди. 

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг очиқлашича, вазирлик тасарруфидаги барча хизмат автомобиллари миллий бренд остида.

Экология вазирлиги эса ўз номига мос ва хос равишда экологик тоза, зарарсиз автомобиллардан фойдаланишни афзал кўради. Ҳавога ифлос тутун чиқишининг олдини олиш мақсадида вазирлик грант маблағлари ҳисобига олинган электромобиллардан, асосан, BYD русумли машиналардан фойдаланади.

Давлат ташкилотларига тегишли хорижда чиқарилган автомобиллар босқичма-босқич “Э-ауцион” электрон савдо платформаси орқали сотувга чиқарилади.


Мақола муаллифи

Теглар

ТИВ Абдулла Арипов Озодбек Назарбеков Ҳилола Умарова Жўрабек Мирзамаҳмудов Шавкат Ҳамроев Шуҳрат Холмуҳаммедов Шерзод Хидоятов Қўнғиротбай Шарипов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг