Қирғизистонга олтин олиб ўтмоқчи бўлган шахс ушланди
3-саҳифа
−
08:52 1994 1 дақиқа
Фарғона вилоятининг “Водил-авто” чегара божхонасида Қирғиз Республикасига яширинча олтин қуймаларини олиб ўтмоқчи бўлган шахс ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизилик хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Фарғона туманида яшовчи, 30 ёшли шахс бошқарувидаги Damas русумли автотранспорт воситаси Қирғиз Республикасига чиқиш мақсадида “Водил-авто” чегара божхона постига кириб келган пайтда текширувдан ўтказилган.
Қайд этилишича, автомашина кузов қисмининг ичига яширилган 4 дона ностандарт шаклдаги олтин қуймалар борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Экспертиза хулосасига кўра, қуймаларнинг соф оғирлиги 1 кг 232 гр бўлиб, умумий баҳоси 2 млрд 182 млн 466 минг сўмни ташкил этган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 182-моддаси (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида она ва бола ноқонуний олтин қуймаларини олиб чиқиб кетаётган пайтда тўхтатиб қолинганди.
Live
Барчаси