“Қора шаҳзода” эси борида этагини ёпмоқда. Покистон ва Саудия энди бир-бирини ҳимоя қилади

Таҳлил

Исроилнинг Қатарга берган зарбаси содир этилганига 10 кундан ошди ва бугунгача жуда кўп нарсалар ўзгарди. Айнан шу ҳужумни муҳокама қилиш учун Доҳада фавқулодда чақирилган Араб-ислом саммитида ташқи таҳдидларни олдини олиш ва Исроилга қарши тура олишни назарда тутувчи кўплаб таклифлар янграганди. Тўғри, саммитнинг якуний натижаси фақат яҳудий давлатининг қўпорувчилик ҳаракатларини қоралаш бўлди, аммо ундан кейин илк бирлашув, бўлганда ҳам жуда кучли ва жиддий ҳамкорликнинг тамал тоши қўйилди. Ўйин марказида ядровий салоҳиятга эга бўлган давлат энди фақат Исроил эмас. Покистон Саудия ҳимоясига отланди. Яқин Шарқ жуда катта ўзгаришлар ёқасида турибди.

“Қора шаҳзода” эси борида этагини ёпди

Доҳадаги саммитда энг жиддий таклифлар икки лидер томонидан янграганди. Улар Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳамда Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим эди. Эсингизда бўлса, Анвар Иброҳим саммитга фақат Исроилни қоралаш ва унга қарши қуруқ баёнот бериш учунгина келганларга қарата “қоралашлар ракеталарни тўхтатмайди” деганди. У йиғилганлардан яҳудий давлатига қарши кучли санкцияларни жорий қилишни сўради. 

Шаҳбоз Шариф эса унданда кескинроқ чора ҳақида сўз очиб, Тель-Авивнинг экспансия сиёсатига қарши курашиш учун араб-ислом оператив гуруҳи тузишни таклиф қилганди. Бу оддий масала эмас эди. Дастлаб, унинг бу чақириғи унчалик жиддий қарши олинмайдигандек кўринарди. Аммо Шариф айтган оператив гуруҳ ҳозирча тузилмаган бўлсада, араб-ислом давлатлари орасидаги анча шов-шувли ҳамкорлик старт олди. Бу Саудия ва Покистон ўртасидаги стратегик мудофаа шартномасидир. 

Покистон Бош вазири Доҳадан қайтгач, 24 соат ичида зудлик билан яна Яқин Шарққа йўл олиб, Ар-Риёдга ташриф буюрди.  У Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан 17 сентябрь куни ҳар икки давлатга ҳужум содир бўлган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатиш бўйича стратегик мудофаа шартномасини имзолади. Бунинг асосий мазмуни – ушбу икки давлатдан бирига қарши тажовуз ҳар икки давлатга қарши тажовуз деб баҳоланади ва томонлар бир-бирга оғзаки эмас, балки амалий кўмак беради. 

“Икки қардош халқ ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик ва бирликнинг янги даврини белгиловчи тарихий стратегик мудофаа битимига кўра, бир давлатга қилинган ҳар қандай тажовуз ҳар икки халққа қилинган тажовуз, деб ҳисобланади. Бу Покистон-Саудия Арабистони орасидаги мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Шунингдек, ҳарбий, разведка маълумотларини алмашиш ва минтақавий барқарорлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиради”, дейилади ҳужжатнинг расмий версиясида.

Шаҳбоз Шариф ва “қора шаҳзода” ўртасидаги ушбу тарихий бурилишга асос бўлувчи ҳамкорлик Ар-Риёддаги “Ал-Ямама” қароргоҳида муҳокама қилинган. Шарифга Бош вазир ўринбосари Исҳоқ Дар, Мудофаа вазири Хавожа Асиф ва Молия вазири Муҳаммад Аврангзеб ҳамроҳлик қилди. 

Албатта, Покистон ва Саудиянинг бундай тасирчан шартнома имзолаши ўз-ўзидан содир бўлиб қолгани йўқ. Исломобод ва Ар-Риёд узоқ вақтдан бери иқтисодиёт ва мудофаа соҳаларида ҳамкорлик қилиб келади. Саудия Арабистони 1947 йил августда мустақилликка эришган Покистонни тан олган илк давлатлардан бири эди. 1951 йилда икки давлат “Дўстлик шартномаси”ни имзолаб, стратегик, сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий ҳамкорликнинг асос солган. Кейинги йиллар давомида Покистон қўшинлари бир неча бор Саудияга жойлаштирилди ва саудиялик ҳарбийларни Покистонда тайёрлаш йўлга қўйилди. Расмий маълумотларга кўра, 1967 йилдан бери Покистон 8 мингдан ортиқ саудияликни ўқитган. 1982 йилда имзоланган шартнома эса бу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, “Покистон Қуролли кучларининг ҳарбий тайёргарликни Саудияда амалга ошириши” кафолатланган.

Ҳали ҳам кеч эмас

Мазкур шартнома Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият кескин ўзгариб турган бир пайтда имзоланди. Исроилнинг Ғазода уруш олиб бориши ва қўшни давлатларга бераётган зарбалари кўпгина Кўрфаз мамлакатларини безовта қилди. Вашингтон Исроилнинг яқин иттифоқчиси бўлса-да, минтақадаги араб давлатлари АҚШнинг хавфсизлик кафолатларига қаттиқ таяниб келарди. Бугун эса ниҳоят айнан шу Исроил омили бу ишонч ипларини узди. Қатар пойтахти Доҳа АҚШ Исроил ва араб давлатлари ўртасидаги танловда ҳеч қандай иккиланишларсиз кимни танлашига далилдир. Қўшма Штатларга 3 триллион инвестиция етказиладими, унинг ҳарбий базаларини мамлакат ҳудудига жойлаштирадими – фарқи йўқ. Яҳудий лоббийсининг чангалидаги элита Исроилни АҚШнинг ўзиданда устун қўйиши яна бир бор ўз тасдиғини топди. 

Бу келишув жуда муҳим пайтда пайдо бўлди. Минтақадаги сиёсат охирги икки йилда Исроил “тажовузи” сабаб тубдан ўзгариб кетди. Исроил учун чегара қолмади. У сўнгги бор нишонга олган Доҳа эса Саудия чегарасидан унчалик узоқ эмас. Шу боис, “қора шаҳзода” вақтни беҳуда сарфлашни истамади чоғи, у бир йўла ядровий давлат билан ҳарбий тажовузга қарши биргаликда кураш ҳақида битим тузди. 

Аммо ўз ўрнида Покистон ҳам бу келишувдан, асосан, миллий манфаатлар доирасида фойдаланади. Чунки Саудия билан стратегик ҳарбий ҳамкорлик май ойидаги Ҳиндистон билан бўлган қисқа тўқнашувдан кейин тузилмоқда. Шунинг сабабли, бу келишув Исломобод учун ҳам тарихий бурилиш ҳисобланади. Чунки Покистон ўз тарихи давомида қудратли давлатлар, хусусан, собиқ Совет Иттифоқи, яқин-яқингача эса Хитой билан кенг кўламдаги ҳарбий ҳамкорликни амалга оширган. Аммо уларнинг ҳеч бири билан ҳудди Саудия билан бўлгани каби расмий мудофаа пактига эга бўлмаган. Шу билан бирга, Саудия Арабистони билан икки томонлама алоқалар мустаҳкам бўлиб қолишига қарамай, Покистон Саудиянинг урушларида қатнашмаслиги тахмин қилинмоқда. Бундай тахминларга кўра, Исломобод Саудияга қилиниши мумкин бўлган ташқи ҳужумларда унга фақат ҳарбий ва моддий ёрдам бериш билан чекланади. Қўшин киритиш версиясига эса кўпчилик ишонмаяпти. Балки Саудия ҳам шундай йўл тутар, буниси ҳозирча ноаниқ. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам мазкур шартнома Покистон ва Саудия Арабистони ўртасида қарийб саксон йилдан бери давом этаётган жуда яқин ҳамкорликда муҳим бурилиш нуқтаси бўлди.

Ҳиндистон нима дейди?

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Рандҳир Жайсвал Ар-Риёд ва Исломобод ўртасидаги бу шартномага тезкор муносабат билдирди. Унинг айтишича, Ҳиндистон бу келишувнинг мамлакатга таъсири ва унинг оқибатларини чуқур ўрганиб чиқмоқда. Бироқ таҳлилчилар Саудия Покистон ва Ҳиндистон билан муносабатларни мувозанатлаштиришга ҳаракат қилади, дея тахмин қилмоқда. Чунки Саудия иқтисодий жиҳатдан қийналаётган Покистонга молиявий ёрдам кўрсатиши билан бир қаторда Ҳиндистон билан яқинроқ алоқаларни ривожлантириб келмоқда. Масалан, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди жорий йил апрель ойида сўнгги ўн йил ичида учинчи марта Саудия Арабистонига ташриф буюрган. Шунинг учун Саудлар оиласи Покистонни Ҳиндистон билан тўқнашмасликка чақириши мумкин. Чунки бундай сценарийдан Ар-Риёд унчалик мамнун бўлмаслиги тайин.

Лекин Саудия нима бўлган тақдирда ҳам Покистон билан бундай яқинликни қадрлайди. Негаки, Саудия Арабистони узоқ вақтдан бери фойдали қазилмаларга боғлиқликни камайтириш мақсадида фуқаролик ядро технологиясини қўлга киритишга қизиқиш билдириб келмоқда. Жорий йил январь ойида Саудия Энергетика вазири, шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд Ар-Риёднинг ядровий дастурлар учун асосий компонент ҳисобланган уранни бойитиш ва сотишга тайёр эканини яна бир бор таъкидлади. Бироқ шу билан бирга, Саудия Арабистони бу ҳаракатлар орқали ядровий қурол яратишни кўзламаётганини ҳам бир неча бор айтиб келган. 

Америкалик журналист Боб Вудворд ўзининг 2024 йилда чоп этилган “Уруш” китобидаги ҳикоясида, гўёки Саудия валиахд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд АҚШ сенатори Линдси Грэмга уранни фақатгина энергетика мақсадларида бойитиш нияти борлигини айтгани ҳақида ёзган. Унда Грэм атом бомбаси эҳтимолидан хавотир билдирганида, валиахд шаҳзода Салмон шундай жавоб қайтарган:

“Менга бомба тайёрлаш учун уран керак эмас. Уни шунчаки Покистондан ҳам сотиб олавераман”.

Ҳа, вазият шундай тус олмоқда. Покистон ўз манфаатлари доирасида Саудияда ҳам миллий манфаатлар нуқтаи назаридан бу келишувга қўл урди. Аммо мазкур ўзгариш Яқин Шарқда янги тартибга асос бўлиш эҳтимоли йўқ эмас. Тўғри, ҳозирча ушбу келишувнинг қамрови ҳақида айрим ноаниқликлар мавжуд. Масалан, айнан ядро бомбаси атрофидаги масала ортида жуда кўп саволлар ётибди. Чунки Покистон шу вақтгача тузган мудофаа шартномаларида ҳеч бир давлатга “ядровий соябон” бўлиш мажбуриятини олмаган. Мутахасислар эса унинг ядровий арсенали Ҳиндистонга қарши қаратилгани ҳамда фақат ўз мудофааси учун ишлашда давом этишини тахмин қилмоқда. Саудия билан ҳам кўп эҳтимол ҳудди шундай бўлади. 

Аммо нима бўлган тақдирда ҳам икки давлатдан бирига ташқи ҳужум содир бўлса, бу умумий таҳдид сифатида кўрилиши ва тегишли чоралар қўлланилишини назарда тутувчи пактнинг ўзи ҳозирги шароит учун жуда катта ютуқ. Бу хоҳ Ҳиндистонга қарши бўлсин, хоҳ Исроилнинг эҳтимолий ҳужумига – бунинг аҳамияти йўқ. 

Боз устига Покистон Исроил агрессиясига қарши жим турмаслиги ёзда Эронга қилинган ҳужумда ўз исботини топди. Ўшанда Покистондан янграган кескин баёнотлар икки ўртада дипломатик можарога сабаб бўлди. Таҳдидлар ҳатто Исроилдаги расмий ва норасмий доиралар кейинги нишон сифатида Покистон ва унинг ядровий арсеналини кўрсатишгача етиб борганди.

Шундай экан, Нетаньяху режимининг Яқин Шарқ давлатларига нисбатан қилаётан агрессияси изсиз кетмади. Исроилнинг амалдаги ҳукумати бундай ҳаракатлар билан ўзига чоғ қазигани аста-секин ўз исботини топмоқда. Замонавий дунёда ҳали ҳеч ким гувоҳ бўлмаган мисли кўрилмаган қирғинлар, аёллар, болалар ва қарияларни очликдан ўлдириш, эндигина атрофни англашни бошлаган гўдакларга қараб отилган ўқлар, ожизлар жон сақлаётган ва даволанаётган лагер ва шифохоналарни бомбалаш, бир чуқум озуқа илинжида гуманитар юк машиналарига чирмашганларни очиқчасига ўлдириш. Бундай ғайриинсоний қилмишлар шунчаки тарихнинг бир четида қолиб кетмайди. 

Вақти келиб, айбдорларни трибуналларда кўрармиз, аммо бунгача яна нималар рўй бериши қизиқ. Шунга етакловчи жараёнлар эса бошланаётгандек тассурот уйғотмоқда. Араб монархиялари АҚШнинг асл башарасини Доҳага қилинган ҳужумда аниқ ва равшан кўриб хулоса қилишни бошлади. Энди Яқин Шарқда ўйин қоидалари ўзгармоқда. Қизиғи шундаки, бу ўзгаришлардан Вашингтон четда қолмоқда. Охиргача шундай бўлиб қоладими ёки йўқ – буниси минтақадаги “қора шағзода”га ўхшаш етакчиларнинг сиёсий иродасига боғлиқ.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Саудия Арабистони Покистон Яқин Шарқ Исроил Шаҳбоз Шариф Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг