Қозоғистон аҳоли жон бошига ЯИМда Россиядан ўзиб кетди

Олам

image

Қозоғистон ҳозирги нархлар бўйича жон бошига ЯИМ даражаси бўйича Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудудида етакчига айланиб, Россия, ҳатто Хитойни ҳам ортда қолдирди. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси эълон қилган статистикада келтирилган.

Маълумотларга кўра, жорий йилда ушбу кўрсаткич Қозоғистонда 14,77 минг долларни ташкил этмоқда. Бу Россия (14,26 минг доллар), Туркманистон (13,34 минг доллар) ва ҳатто Хитой (13,69 минг доллар)дан юқори. Ўзбекистонда мазкур кўрсаткич 3,51 минг долларга тенг, яъни қўшни давлатникидан қарийб 4,2 баравар паст.

Рўйхатда бошқа давлатлар ҳам келтирилган: Грузия (9,57 минг доллар), Арманистон (8,86 минг доллар), Молдова (8,26 минг доллар), Беларусь (7,88 минг доллар), Озарбайжон (7,6 минг доллар), Украина (6,26 минг доллар), Қирғизистон (2,75 минг доллар) ва Тожикистон (1,43 минг доллар).

Ушбу кўрсаткич ҳозирги нархлар ва инфляцияни инобатга олади, шу сабабли мамлакатнинг иқтисодий фаровонлик даражасини анча аниқ акс эттиради. Таққослаш учун, илгари МДҲ маконида иқтисодий етакчи ҳисобланган Россия 14,26 минг доллар кўрсаткич қайд этган, энергия ресурсларига бой Туркманистон эса 13,34 минг доллар. 

Мутахассислар бу ютуқни бир нечта асосий омиллар билан изоҳламоқда. Қозоғистон катта нефть, газ, уран ва бошқа ресурс захираларига эга бўлиб, энергия ресурслари ва фойдали қазилмалар экспорти иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб қолмоқда. Сўнгги йилларда мамлакат хомашёни қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни фаол ривожлантирмоқда.

Изчил олиб борилган ислоҳотлар бизнес муҳитини яхшилаб, хорижий инвестициялар жалб этилган ва инфратузилмани, айниқса транспорт, логистика ҳамда технологиялар соҳасини модернизация қилинган. Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳаларга инвестициялар аҳоли турмуш даражасини ошириб, меҳнат унумдорлиги ва ички бозор ривожига туртки берган.

Қозоғистоннинг Европа ва Осиё ўртасидаги стратегик жойлашуви, “Бир камар, бир йўл” каби ташаббусларда иштироки ҳамда Россия, Хитой ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорлиги мамлакатнинг иқтисодий имкониятларини янада кенгайтиради. Шу билан бирга, Қозоғистон макроиқтисодий барқарорликни – паст инфляция, мустаҳкам тенге курси ва мувозанатли бюджетни сақлаб қолмоқда, бу эса глобал чақириқларга бардош беришга ёрдам бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон юқори даромадли давлатга айланиши учун, яъни аҳоли жон бошига даромад 14 минг доллардан ошиши учун камида 100 йил керак бўлиши, Қозоғистоннинг эса бунга 30 йил ичида эришиши кутилаётгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон ЯИМ Халқаро валюта жамғармаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг