Қозоғистонда 3 сайёҳнинг жасади топилди (видео)
Олам
−
28 Декабрь 5181 2 дақиқа
Қозоғистоннинг Олмаота тоғли ҳудудида бедарак йўқолган уч нафар сайёҳнинг жасади топилди. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Олмаота шаҳар Фавқулодда вазиятлар департаменти маълумотига кўра, 26 декабрга ўтар кечаси 112 рақамига бир аёлдан мурожаат келиб тушган. У акаси, икки нафар дўсти билан бирга 24 декабрь куни эрталаб тоғларга йўл олгани ва қайтиб келмаганини билдирган. Бедарак йўқолганларнинг мобил телефонлари 12 соатдан ортиқ вақт давомида ўчиқ бўлган.
Хабар келиб тушиши билан вазирликнинг куч ва воситалари зудлик билан эҳтимолий қидирув ҳудудига сафарбар этилган. Қидирув ишларига қидирув-қутқарув отряди бўлинмалари, Фалокатлар тиббиёти маркази, қутқарув хизмати ходимлари, шунингдек, полиция ва кўнгиллилар жалб қилинган.
Ҳодиса жойида тезкор штаб ташкил этилган. Қидирув-қутқарув ишларини олиб бориш учун вазирликнинг “Казавиасспас” вертолёти ҳавога кўтарилиб, парвоз давомида музлик ва чўққиларни кўздан кечирган.
“Учувчисиз учиш аппарати ёрдамида олиб борилган қидирув ишлари натижасида “Локомотив” чўққиси яқинида жасад аниқланган. ФВВ авиабори ёрдамида уни денгиз сатҳидан 3700 метр баландликдан тушириш амалга оширилиб, жасад ҳуқуқ-тартибот органларига топширилди”, дейилади хабарда.
Суд-тиббий экспертиза тайинланган. Шахсларни якуний аниқлаш барча зарур экспертизалар якунлангач амалга оширилади.
Қидирув ишларида 50 дан ортиқ киши, жумладан қутқарувчилар ва кўнгиллилар, 7 та техника воситаси, 4 та дрон, шунингдек, Фалокатлар тиббиёти марказининг 3 та кинологик гуруҳи иштирок этган.
Воқеа ортидан Қозоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тоғли ҳудудларга чиқишда хавфсизлик чораларига қатъий риоя этиш зарурлигини эслатган. Йўлга чиқишдан аввал об-ҳаво шароити ва қор кўчкиси ҳолатини инобатга олиш, тоғларга ёлғиз бормаслик, яқинларга маршрут ва қайтиш вақтини олдиндан маълум қилиш, алоқа воситалари ҳамда зарур жиҳозларни ўзингиз билан олиб юриш тавсия этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида бедарак йўқолган вертолётнинг бир қисми ва бир экипаж аъзосининг жасади топилганди. Мутахассислар сунъий йўлдош маълумотлари ва математик ҳисоб-китоблардан фойдаланиб, вертолёт қулаган ҳудудни аниқлаган. Шундан сўнг, махсус техника ва қидирув гуруҳлари ўша жойга йўналтирилган.
Live
Барчаси