Қозоғистонда 380 киши молиявий пирамида қурбони бўлди
Олам
−
10 Март 4175 1 дақиқа
Қозоғистонда 380 нафар фуқаро молиявий пирамида қурбони бўлди. Бу ҳақда мамлакат Молиявий мониторинг агентлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, гумонланувчи ўзини Чилидаги “Sirius Energy” компанияси вакили сифатида таништириб, фуқароларга қайта тикланадиган энергия лойиҳалардан юқори даромад олишни ваъда қилган. Уларни сармоя киритишга ишонтириб, фақат USDT (стабиллашган криптовалюта бўлиб, қиймати доимий равишда АҚШ долларига тенг бўлади: 1 USDT ≈ 1 доллар) криптовалютасида қабул қилган. Шундан сўнг мижозлар учун шахсий кабинетлар очилган ва уларда бонуслар кўрсатилган.
Агентлик маълумотларига кўра, сармоядорларни жалб қилиш мақсадида гумонланувчи Олмаота ва Остона шаҳарларида офислар очган, мунтазам тренинглар ўтказган, Instagram ва TikTok орқали фаол реклама қилиб келган. Ҳатто фаолиятни қонуний кўрсатиш мақсадида учинчи шахс номига масъулияти чекланган жамият рўйхатдан ўтказган. Ҳақиқатда эса ҳеч қандай фаолият амалга оширилмаган.
380 нафар фуқаро молиявий пирамида қурбонига айланган. Жабрланганлардан бири лойиҳага сармоя киритиш учун банкдан 3 миллион тенге (таҳминан 6 600 доллар) кредит олган, ваъда қилинган юқори даромад эса тўланмаган. Ҳозирда у кредитини фоизлари билан тўламоқда.
Суд санкцияси билан гумонланувчининг банкдаги ҳисоб рақамлари блокланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия суди молиявий пирамида ташкилотчиларига 45,3 минг йиллик қамоқ жазоси тайинлаган эди.
Live
Барчаси