Қозоғистонда бензин нархини ошириш тақиқланди

Олам

image

Қозоғистонда бензин ва дизель нархини оширишга мораторий жорий этилди. Бу ҳақда бугун, 16 октябрь куни Бош вазирнинг фуқаролар манфаатлари йўлида иқтисодий ислоҳотлар дастурини амалга ошириш жараёнини тартибга солиш бўйича мамлакат раҳбарининг топшириғи ижроси юзасидан ўтказилган йиғилишида қарор қабул қилинди.

Шундай қилиб, мамлакатда 16 октябрдан бошлаб инфляция даражаси барқарорлашгунига қадар AI-92 маркали бензин ва дизель ёнилғиси нархини оширишга мораторий жорий этилган. Бош вазири Олжас Бектенов Энергетика вазирлигига, Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги ҳамда ҳудудлар ҳокимликларига ички ёнилғи бозорини узлуксиз таъминлаш ва назоратни кучайтириш вазифасини топширган.

Мораторий жорий этилишига Қозоғистоннинг йирик шаҳарларида AI-92 маркали бензин нархининг ўсиш суръати тезлашгани сабаб бўлган. Энергетика вазирининг ўринбосари Сунгат Есимханов ёнилғи нархини оширишга мораторий ҳамда коммунал хизматлар тарифларини музлатиб қўйиш бўйича қабул қилинган қарорларни изоҳлаган.

“Давлат раҳбарининг иқтисодий сиёсатни яхшилашга оид топшириқларига мувофиқ, AI-92 маркали бензин ва дизель ёнилғиси тарифларини оширишга мораторий эълон қилинади. Бу борадаги ишни биз Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги билан ҳамда ушбу бозорнинг йирик иштирокчилари билан биргаликда олиб борамиз”, дейди Есимханов.

У, шунингдек, коммунал хизматлар тарифларининг ўсишини жиловлаш чоралари ҳақида ҳам фикр билдирган.

“Иш бир неча йўналишда олиб борилади – бу ички харажатларни оптималлаштириш, кўмир нархини барқарор сақлаш ва темирйўл тарифларини назорат қилишни ўз ичига олади. Яқин вақт ичида коммунал хизматлар тарифларини оширишга ҳам мос равишда мораторий эълон қилинади”, дейди вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Энергетика вазирлиги ёнилғи экспортига тақиқ кузатилаётгани ҳамда бензин Ўзбекистонга ҳам, бошқа давлатларга ҳам етказиб берилмаётганини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

бензин мораторий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг