Қозоғистонда “Конституция” исмли фуқаро борлиги аниқланди
Олам
−
16 Март 987 2 дақиқа
Кеча, 15 март куни Қозоғистон бўйлаб ўтказилган референдум кунида мамлакатдаги қизиқарли исм-шарифлар ҳақида маълумотлар эълон қилди. Бу ҳақда Миллий статистика бюроси расмий саҳифасида хабар берилди.
Бюро маълумотларига кўра, Қозоғистонда Конституция исмли киши борлиги аниқланган. Маълум қилинишича, ушбу исм эгаси Остона шаҳрида яшовчи аёл ҳисобланади. Шунингдек, мамлакатда референдум ва сайлов жараёнлари билан боғлиқ бошқа ноодатий исмлар ҳам учрайди. Жумладан, Атазан ва Зан исмли биттадан фуқаро яшайди.
Қайд этилишича, сайлов жараёнлари билан боғлиқ энг кенг тарқалган исмлардан бири Саилау ҳисобланади. Қозоғистонда ушбу исмга эга 2003 нафар фуқаро бор. Уларнинг қарийб ярми 50 ёшдан ошган. Саилау исмли фуқароларнинг энг кўп қисми Остона шаҳрида истиқомат қилади – бу ерда уларнинг сони 166 нафарни ташкил этади.
Бундан ташқари, мамлакатда Саилаугу исмли 24 нафар аёл, Саилаубек исмли эса 1197 нафар фуқаро рўйхатга олинган.
Статистика маълумотларига кўра, Қозоғистонда давлат ва сиёсий тушунчалар билан боғлиқ бошқа исмлар ҳам учрайди. Хусусан, мамлакатда Қозоғистон исмли 28 нафар, Остона исмли 24 нафар, шунингдек Қурилтай исмли 3 нафар фуқаро борлиги аниқланган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай исмлар кўпинча муҳим сиёсий воқеалар ёки тарихий даврлар таъсирида фарзандларга қўйилган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда янги Конституцияни қабул қилиш бўйича референдум ўтказилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси