Қозоғистонда транспорт воситаларини олиб киришга янги чеклов қўйилади
Олам
−
08 Октябрь 3841 2 дақиқа
Жорий йилнинг 20 октябрь санасидан бошлаб қўшни Қозоғистонда транспорт воситаларини олиб киришга янги чекловлар жорий этилади. Бу ҳақда “Tengrinews“ хабар берди.
Хабарда таъкидланишича, эндиликда жисмоний шахслар аллақачон фойдаланилган айрим турдаги транспорт воситалари ва автобусларни импорт қила олмайди. Ҳукумат брифингида Саноат қўмитаси раиси ўринбосари Муҳаммад Андаков ўзгартиришлар Евросиё иқтисодий комиссиясининг 2025 йил 23 майдаги қарори билан тасдиқланганини тушунтирди. Ҳужжатда Қозоғистонга автомототранспорт воситаларини олиб кириш тартибини аниқловчи 74 та низомга ўзгартиришлар киритилган.
“Жисмоний шахслар мамлакатга енгил автомобиллардан бошқа махсус техникаларни олиб кириш имконига эга бўлмайди. Энди фақат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар Қозоғистон ва Европа Иттифоқида амал қилувчи тегишли хавфсизлик сертификатини олган ҳолда автомобиллар ва махсус жиҳозларни олиб кириши мумкин бўлади“, деди Андаков.
Унинг таъкидлашича, чеклов енгил автомобилларга таъсир қилмайди, фақат махсус техника ва автобусларга тегишли бўлади.
Маълумот учун, кўпчилик қозоғистонликлар пулни тежаш мақсадида Россия, Арманистон, Беларусь ва Қирғизистондан автомобиль сотиб олади. Лекин бу давлатлардан олиб борилган баъзи автомобилларни Қозоғистонда рўйхатдан ўтказиш мумкин эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонга якка тартибда ёки хусусий тадбиркорлар томонидан импорт қилинадиган автомобиллар учун электромагнит мослашувчанлик текшируви жорий қилиниши ҳақида хабар берилганди.
Амирхон Усмонов