Қозоғистонда ўзбекистонлик йигит тоғдан йиқилиб, ҳалок бўлди (видео)

3-саҳифа

image

Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги тоққа сайрга чиққан ўзбекистонлик йигит дарадан йиқилиб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 1 сентябрь куни Туркистон вилояти ФВБ 112 рақамига 1996 ва 1997 йилда туғилган икки йигитнинг йўқолиб қолгани ҳақида қариндошидан хабар келиб тушган. Улар 31 август куни Чимкент шаҳридан тоққа йўл олган ва қайтиб келмаган. Мурожаат келиб тушгач, дарҳол қидирув-қутқарув ишлари бошланган. Қидирув ишлари денгиз сатҳидан 2200 метр баландликда, “Сайрам-Угам” миллий табиат боғи ҳудудида, Қасқасу қишлоғидан 8 км узоқликдаги Сайрамсу чўққиси атрофида олиб борилган.

Қидирув-қутқарув ишлари хавфли тоғ ҳудудида ўтказилган. Операция давомида ФВВ қутқарувчилари “Яхши ният ўйинлари” довони ҳудудида сайёҳлардан бири билан овозли алоқа ўрнатишга муваффақ бўлган. Унинг айтишича, 1996 йилда туғилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси дарага қулаб, ҳалокатли жароҳатлар олган.

Мураккаб рельеф ва қояли ҳудуд сабабли вертолёт воқеа жойига яқинлаша олмаган ва қутқарувчилар йўлни пиёда давом эттирган. Қутқарувчилар ташаббуси билан Чимкентдаги базадан Қозоғистон Альпинистлар Федерациясининг беш нафар профессионал альпинисти олиб келинган ва улар қутқарувчилар билан бирга қидирув ва эвакуация ишларини давом эттирган. Альпинистлар махсус жиҳозлардан фойдаланиб, қоялардан кўтарилиб, тирик қолган сайёҳни ҳамда ҳалок бўлган шахснинг жасадини топган. Жароҳатланган сайёҳ ва марҳумнинг жасади пастга туширилган.

Қутқарилган йигитни от ёрдамида тоғ этагига, уни қариндошлари кутаётган жойга эвакуация қилишган. Ҳалок бўлган шахснинг жасади ҳам туширилиб, полиция ходимларига топширилган.

Қутқарув операциясида жами 18 нафар шахсий таркиб, ФВВнинг 5 дона техникаси, ўрмон хўжалиги, полиция бўлинмалари, Қозоғистон Альпинистлар Федерацияси альпинистлари, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратлари ва ФВВ “Қазавиаспас” вертолёти жалб қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Красноярск ўлкаси Курагинский туманидаги конда 30 ёшли ўзбекистонлик эркак тоғ массаси босиб қолиши оқибатида вафот этгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Туркистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг