Қуддусда туғилган архитектор ёхуд Нетаньяху аслида ким?

Таҳлил

Уни кимдир Исроилни замонавий ва қудратли давлатга айлантирган халоскор деб билади, бошқалар эса Яқин Шарқни қонга ботирган энг хавфли сиёсатчи сифатида кўради. Аммо бир ҳақиқатни ҳеч ким инкор эта олмайди: қарийб чорак асрдан бери ушбу минтақадаги уруш ва тинчлик, иттифоқ ва низолар айнан бир инсоннинг қарорлари атрофида айланмоқда. Бу одам – Биньямин Нетаньяху. Хўш, дунё сиёсатини остин-устун қилиб юборган етакчи ким ўзи? У қандай қилиб оддий ҳарбийдан мамлакатнинг энг узоқ йиллик раҳбарига айланди ва у бошлаган урушлар бугун дунёни қайси нуқтага олиб келди? Яқин дақиқалар ичида Исроил етакчиси Нетаньяхунинг сирли шахсияти, сиёсий ўйинлари ва у туфайли ўзгараётган янги дунё тартибига назар ташлаймиз.

Биньямин Нетаньяху 1949 йил 21 октябрда Тель-Авивда дунёга келган ва Қуддус шаҳрида улғайган. Яқинлари ва халқ орасидаги лақаби – “Биби”. Унинг шахсий ҳаёти ҳам худди сиёсий фаолияти каби ранг-баранг кечган. Нетаньяху ҳаёти давомида уч марта турмуш қурган. Унинг биринчи турмуши 1972 йилда Мириам Вайзман билан қурилган бўлиб, улар 1978 йилгача бирга яшашган. Бу никоҳдан Нетаньяхунинг Ноа исмли қизи бор. 1981 йилда у Флор Кейтс билан оила қуради, бироқ бу муносабатлар ҳам узоққа чўзилмай, 1988 йилда ажрашиш билан якунланади.  Сиёсатчининг ҳаётидаги энг мустаҳкам ва узоқ йиллик никоҳи 1991 йилда Сара Бен-Арси билан бошланган. Бугунги кунда Сара Нетаньяху нафақат мамлакатнинг биринчи хоними, балки Исроил тарихида ўзига хос ўринга эга аёл ҳисобланади. Сара ва Биньямин Нетаньяхуларнинг икки нафар ўғли бор.

Унинг шахсиятидаги Ғарб дунёқарашининг шаклланишида отаси, таниқли тарихчи олим Бензион Нетаньяхунинг ўрни катта. Отасининг илмий фаолияти сабабли оила бир муддат АҚШга кўчиб ўтади. Бўлажак сиёсатчи ўсмирлик йилларини АҚШнинг Филадельфия яқинида ўтказади ва у ердаги ўрта мактабни тамомлайди.

Америкадаги ҳаёт Нетаньяхуга дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олиш имконини берди. У АҚШнинг нуфузли Массачусетс технология институтида (MIT) архитектура бўйича бакалавр ва бизнес бошқаруви (MBA) бўйича магистрлик даражасини олди. Илмга бўлган иштиёқи уни кейинчалик Гарвард университетига етаклади ва у ерда сиёсатшунослик йўналишида таҳсил олди.

Бироқ Нетаньяхунинг ҳаёти фақат китоблар орасида ўтмаган. 1967 йилда ватанига қайтган Биньямин Исроил Мудофаа Кучлари сафига чақирилади. У мамлакатнинг энг элита махсус бўлинмаси – “Сайерет Маткаль” сафида хизмат қилиб, капитан унвонигача кўтарилди. 1972 йилда террорчилар томонидан гаровга олинган самолёт йўловчиларини қутқариш бўйича ўтказилган ўта хавфли операцияда бевосита иштирок этди ва жанг майдонида яраланди.

Сиёсий ҳаёти

Беньямин Нетаньяху замонавий Исроил тарихидаги энг таъсирли ва энг баҳсли сиёсатчилардан бири ҳисобланади. У уч марта ҳокимиятга келган ва 18 йилдан ортиқ вақт давомида бош вазир лавозимида ишлаган. 1996 йилда Нетаньяху Исроил тарихидаги биринчи тўғридан-тўғри бош вазирлик сайловида ғалаба қозонди. У аввалги бош вазир Шимон Пересни кичик фарқ билан мағлуб этди. Бу даврда у Фаластин давлати масаласида қатъий позицияни эгаллади, Яҳудий аҳоли пунктларини кенгайтиришни давом эттирди ҳамда Исроил хавфсизлик сиёсатини кучайтирди.

Бундан ташқари Жанубий Ливандаги операциялар давом этди ва Исроил армияси Ливандаги хавфсизлик зонасини сақлаб қолди. Орадан уч йил ўтиб, яъни 1999 йилги сайловларда у Эҳуд Баракга ютқазди ва ҳокимиятни тарк этди. Бироқ бу билан ҳокимиятдан чекланиб қолмади. У 2003 йилдан 2005 йилга қадар Молия вазири лавозимида ишлади. Бу муддатда мамлакат учун фойда келтирадиган кўплаб ишларни амалга оширди. Хусусан, давлат харажатларини қисқартирди, хусусийлаштириш дастурларини кенгайтирди ҳамда бозор иқтисодиёти ислоҳотларини амалга оширди. Кўплаб иқтисодчилар Исроилнинг кейинги иқтисодий ўсишида айнан шу давр сиёсати муҳим роль ўйнаганини таъкидлайди.

Шундан сўнг, 2009 йилда у яна ҳокимиятни ўз қўлига олди. Айнан шу йилдан бошлаб у Эронни асосий таҳдид сифатида кўрсата бошлади. Нетаньяху деярли барча халқаро чиқишларида Эрон ядро дастурини Исроил учун энг катта хавф деб атади. У АҚШни Эронга нисбатан қаттиқроқ сиёсат юритишга чақирди. Шу билан бирга, ҲАМАС билан ўзаро урушларни бошлаб берди. Унинг раҳбарлиги даврида Ғазода бир нечта йирик ҳарбий операциялар бўлиб ўтди. Жумладан, 2012 йилда Мудофаа устуни операцияси, 2014 йилда “Мустаҳкам қоя” операцияси ва 2021 йилда “Деворлар қўриқчиси” операциясини амалга оширган. Исроил томони мазкур операцияларнинг барчасини ҲАМАС ракета ҳужумларига жавоб сифатида бошланганини таъкидлаб келади. 2023 йилнинг октябрь ойида бошланган Ғазо секторида урушга айнан шу баҳона бўлган.

Араб давлатлари билан яқинлашув

2020 йилда Исроил, Араб давлатлари – Бирлашган араб амирликлари, Баҳрайн, Марокаш ҳамда Судан билан дўстона ва мустаҳкам алоқаларни ўрнатди. Бу жараён тарихга “Абраҳам яъни Иброҳим келишуви” сифатида кирди. Келишувнинг “Иброҳим” (Абраҳам) деб номланиши рамзий маънога эга. Ислом, Христианлик ва Яҳудийлик динларининг барчасида Иброҳим алайҳиссалом умумий пайғамбар ва буюк бобокалон сифатида эъзозланади. Ҳужжат ижодкорлари бу ном орқали араб ва яҳудий халқлари ўртасидаги умумий илдизларни ҳамда тинчликка бўлган интилишни ифодаламоқчи бўлганлар. Ушбу келишув Яқин Шарқдаги кўп йиллик сиёсий музликни эритиб юборган энг йирик геосиёсий воқеалардан бири бўлди. Ҳужжатнинг имзоланишида АҚШ президенти Дональд Трамп муҳим рўл ўйнаган. Расмий имзолаш маросими 2020 йил 15 сентябрь куни Вашингтонда, Оқ уйда бўлиб ўтган.

Шу ўринда бир қизиқ маълумотга эътиборингизни қаратмоқчимиз. “Иброҳим келишуви”га қадар араб дунёсидан фақатгина 1979 йил Миср ва 1994 йилда Иордания Исроил билан расмий тинчлик шартномасини имзолаган эди. 26 йиллик танаффусдан кейин БАА, Баҳрайн ва Марокаш бу қадамни ташлаган навбатдаги араб давлатлари бўлди. Келишувнинг асосий сиёсий ва иқтисодий сабаблари дея минтақада Эроннинг кучайиши ҳамда ғарбий соҳилдаги фаластинликлар ерларини Исроил таркибига расман қўшиб олиш (аннексия қилиш) режасини вақтинча тўхтатишга рози бўлиш дея кўрсатилганди.  

“Иброҳим келишуви” натижасида Тель-Авив ҳамда Дубай ўртасида ҳар куни ўнлаб самолётлар уча бошлади. Юз минглаб исроиллик туристлар Амирликларга саёҳат қилди. Абу-Даби ва Манамада, БАА ва Баҳрайн эса, Тель-Авивда ўз элчихоналарини очди. Биргина Исроил ва БАА ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қисқа муддат ичида миллиардлаб долларга етди. Шунингдек, эркин савдо зоналари тўғрисида шартномалар имзоланди.

Нетаньяхунинг ҳокимиятдан кетиши

2019 йилда Исроил Бош прокуратураси Нетаньяхуга нисбатан фирибгарлик, порахўрлик ва ишончни суиистеъмол қилиш айбловларини эълон қилди ва у расман судланаётган илк амалдаги Бош вазирга айланди. У ноқонуний совға олиш, ОАВ билан яширин тил бириктириш ҳамда порахўрлик каби жиноятларни содир этганликда айбланган. Ҳозиргача ушбу ишлар бўйича суд жараёнлари давом этмоқда. Нетаньяху барча айбловларни мутлақо рад этиб, уларни сиёсий мухолифлари томонидан уюштирилган “жодугарлар ови” деб атаб келади.

Шу низолар негизида 2021 йилда турли партиялар Нетаньяхуга қарши коалиция тузди. Натижада, у бош вазирликни тарк этди ва мухолифат лидерига айланди. Орадан кўп вақт ўтмай, 2022 йилнинг декабрида Нетаньяху яна бош вазир бўлди. Бу сафар у Исроил тарихидаги энг ўнг қанот ҳукуматлардан бирини тузди. Шундан сўнг, у олий суд ваколатларини қисқартириб, парламент ваколатларини кенгайтирди. Бу Исроил тарихидаги энг йирик норозилик намойишларига сабаб бўлди. 2023 йил 7 октябрь куни Ҳамас Исроил ҳудудига кенг кўламли ҳужум уюштирди. Нетаньяху бунга жавобан уруш эълон қилди. Минглаб ракеталар учирилди, юзлаб одамлар ўлдирилди ва гаровга олинди. Бу унинг сиёсий фаолиятидаги энг муҳим воқеа бўлди.

АҚШ президентлари билан муносабатлар

Американинг 43 президенти Жорж Буш даврида АҚШ-Исроил ҳамкорлиги мустаҳкамланди. Ушбу вақтда терроризмга қарши кураш икки давлатни янада яқинлаштирди. 2001 йилдаги эгизак биноларнинг портлаши ҳам вазиятни Америкада мусулмон давлатларга нисбатан кескин қарашларни илгари сурилишига сабаб бўлган.

АҚШнинг 44 президенти Барак Обама даврига келиб, АҚШ ва Исроил муносабатлари таранглашди. Чунки, 2015 йилда Эрон ва АҚШ, шунингдек, бошқа йирик давлатлар ўртасида Қўшма ҳаракат режаси деб номланган ядровий келишув имзоланган. Обама маъмуриятининг фикрича келишув Эроннинг ядро қуролини яратиш имкониятини чеклайди, халқаро назоратни кучайтиради, Яқин Шарқда уруш хавфини камайтиради.

Нетаньяху эса, бу келишувга кескин қарши чиққан ва уни Исроил хавфсизлиги учун хавф деб ҳисоблаган. Шунинг учун айрим Исроил сиёсатчилари Обамани Эронга нисбатан “ҳаддан ташқари юмшоқ” деб танқид қилган. Аммо Обама Эронни АҚШ иттифоқчиси сифатида қўллаб-қувватламаган, аксинча, у Эроннинг ядровий дастурини чеклашга уринган. Шу билан бирга Обама фаластинликлар билан тинчлик музокараларини қайта тиклашга ҳаракат қилган. Бу позиция Нетаньяху ҳукумати билан бир неча бор зиддиятларга сабаб бўлган. Айнан шу йили Нетаньяху АҚШ Конгрессида Обаманинг Эрон сиёсатини очиқ танқид қилган.

АҚШнинг 45 ва 47 президенти Дональд Трамп билан Нетаньяху дўстона, ҳатто жуда яқин муносабатда бўлган. Трамп даврида АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олди, АҚШ элчихонаси Қуддусга кўчирилди, “Иброҳим келишуви” имзоланди. Бу эса, ўз навбатида Нетаньяхунинг мамлакатдаги ва халқаро майдондаги дипломатик ютуқларидан бири сифатида баҳоланди.
Мамлакатнинг 46 президенти Жо Байден ҳам Нетаньяху билан бир неча ўн йиллик қадрдон бўлган.

Фаластин ва Эрон билан зиддият

2023 йилнинг 7 октябрь кунида бошланган Ғазо секторидаги уруш ва хунрезликлар бутун дунёни ларзага келтирди. Уруш давомида Ғазо секторида бир неча ўнг минглаб фаластинликлар ҳалок бўлди, ҳудуднинг катта қисми вайрон бўлди ва миллионлаб одамлар кўчишга мажбур бўлди. Болалар ва тинч аҳоли очликдан ҳамда оғир уруш шароитидан азият чекмоқда. Исроил Фаластинга гуманитар ёрдам олиб кирилишини ҳам бир неча бор тўсиб қўйган. Халқаро жиноят суди 2024 йилда Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантга нисбатан уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар бўйича ҳибсга олишга ордер чиқарган.

Нетаньяху ҳукумати уруш жиноятлари, инсониятга қарши жиноятлар ва геноцидга оид айбловларга дуч келяпти, бироқ Исроил бу айбловларни рад этиб келади ва халқаро судларда ишлар давом этмоқда. 2026 йилнинг бошида Нетаньяху ҳукумати Эрон билан кенг кўламли уруш бошлаганини эълон қилди. Исроил ҳукумати бу ҳаракатни Эроннинг ядровий ва ҳарбий салоҳиятини йўқ қилиш зарурати билан изоҳлаган.

Дастлаб Трамп ва Нетаньяху 10 кун ичида Эронни ишғол этишини бонг урганди, аммо Эрон улар ўйлагандек заиф давлат бўлиб чиқмади. Эрон душман томонга қарата шиддатли ҳужум қилди. Жорий йилнинг 1 мартга ўтар кечасида бошланган АҚШ-Эрон-Исроил уруши ҳозирги кунгача давом этмоқда.

Нетаньяху қандай баҳоланади?

Тарихчилар ва сиёсатшунослар орасида Нетаньяху ҳақида якдил фикр йўқ. Баъзилар уни Давид Бен-Гуриондан кейинги энг таъсирли Исроил раҳбарларидан бири деб ҳисоблайди. Бошқалар эса уни мамлакат тарихидаги энг бўлинувчи сиёсатчилардан бири сифатида баҳолайди.

Шунга қарамай, бир масалада деярли ҳамма мутахассислар фикри бир хил: Беньямин Нетаньяху XXI аср Яқин Шарқ сиёсатини энг кўп шакллантирган сиёсий арбоблардан биридир. Унинг қарорлари нафақат Исроил ва Фаластин, балки бутун минтақа ҳамда АҚШ-Яқин Шарқ муносабатларига катта таъсир кўрсатган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Қуддус ҳокимият Фаластин Исроил Араб давлатлари Нетаняху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг