Қурол ишлаб чиқарувчиларнинг даромади рекорд даражада кўпайди
Олам
−
01 Декабрь 3378 1 дақиқа
2024 йил якунларига кўра, дунёнинг энг йирик 100 та мудофаа компаниясининг даромади 5,9 фоизга ошиб, рекорд 679 миллиард долларга етган. Бу ҳақда Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқот институти (SIPRI) ҳисоботида сўз боради.
Қайд этилишича, глобал ўсишдаги асосий ҳисса Европа ва АҚШ ишлаб чиқарувчилари томонидан қўшилган, бироқ бу тенденция бошқа минтақаларда ҳам кузатилган. Умуман олганда, 2015 йилдан буён SIPRI рейтингидаги компаниялар даромади 26 фоизга ўсган. Мутахассислар бундай ўсишни Россия ва Украина ўртасидаги уруш ҳамда Исроилнинг ҲАМАС ҳаракатига қарши уруши билан изоҳлайди.
SIPRI рейтингидаги Россиянинг икки корхонаси: “Ростех” давлат корпорацияси 7-ўринни, Бирлашган кемасозлик корпорацияси (БКК) эса 41-ўринни эгаллаган. Ўтган йили “Ростех” даромади 26 фоизга ошиб, 27,1 миллиард долларга етган, БКК даромади эса 6,5 фоизга ўсиб, 4,1 миллиард долларга чиққан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ SIPRI дунёда 12 мингдан ортиқ ядро каллаклари мавжуд экани ва ядро синовлари сони 2000 дан ошгани ҳақида хабар берган эди. Шунингдек, “Ядро клуби” деб аталувчи тўққизта давлат – АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва Шимолий Корея де-юре ёки де-факто ядро қуролига эга ва ўз арсеналларини модернизация қилишда давом этмоқда.
Live
Барчаси