КДРдаги исёнда камида 69 киши ўлдирилди

Олам

image

Жорий йилнинг апрель ойи охиридан буён Конго Демократик Республикаси (КДР) шимоли-шарқидаги Итури провинциясида қуролли исёнчилар ҳужуми оқибатида камида 69 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий ҳукуматга таяниб, “Аl Jazeera” хабар берди.

Нашрга кўра, Конго тараққиёти бўйича кооператив коалицияси (CОDECO) га аъзо бўлган қуролланган шахслар Ленду халқини ҳимоя қилишини даъво қилиб, бир нечта қишлоқларга ҳужумлар уюштирган. Отишмалар ленду ва хема қабилалари истиқомат қиладиган қишлоқларда амалга оширилган.

Конгонинг Шарқий қисми қимматбаҳо минералларга бой конлари туфайли қарийб 30 йилдан буён турли қуролли гуруҳлар учун жанг майдони бўлиб келмоқда. Айниқса, Уганда ва Жанубий Судан билан чегарадош, олтинга бой Итури провинциясидаги икки этник гуруҳ – хемалар ва лендулар олтин васвасасига дучор бўлган гуруҳларнинг қурбони бўлиб қолмоқда.

AFP’га кўра, 28 апрель куни бошланган қонли исёнлар оқибатида шу кунгача қарийб 70 нафар инсон ҳалок бўлган. Уларнинг 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.

ОАВга исмини ошкор қилмаслик шарти билан маълумот берган хавфсизлик хизмати манбасига кўра, харбий операциялар пайтида ҳам қонли қўзғолонлар содир бўлаётгани туфайли қурбонларни топиш бир неча кунга кечиктирилган.

Жорий йилнинг 30 апрель куни БМТ минтақада Конго Демократик Республикасидаги барқарорлаштириш миссиясини эълон қилган. Миссия қуролли тўқнашувларни бостириш, тинч аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш ва мамлакатда тезроқ тинчлик ўрнатишни мақсад қилган.

“Биз КДРдаги қонли исёнларни кескин қоралаймиз. Тинч аҳолига қаратилган қонли ҳужумларда кунига 10 га яқин тинч аҳоли қурбон бўлмоқда. БМТ ташаббуси билан КДРда тузилган Барқарорлаштириш миссиясида 200 га яқин тинч аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилди. Тинч аҳолини қутқариш учун ҳудудда қидирув-қутқарув ишларини давом эттирамиз,” дейди БМТнинг мамлакатдаги махсус қўмитаси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Малида уюштирилган террористик ҳужумлар оқибатида камида 30 кишини ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

Ҳожиакбар Муҳаммаджонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Конго Демократик Республикаси исён КДР

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг