Кейн Бундеслигада ой футболчиси деб топилди
Спорт
−
10 Октябрь 1304 1 дақиқа
Англиялик ҳужумчи Ҳарри Кейн Германия Бундеслигасида 2025 йил сентябрь ойининг энг яхши футболчиси деб топилди. “Бавария” ҳужумчиси ушбу унвонга ўтган ой давомида кўрсатган юқори даражадаги ўйини ва самарали голлари эвазига сазовор бўлди. Бу ҳақда Бундеслига расмий сайти хабар берди.
Мусобақа ташкилотчилари маълумотига кўра, Кейн мухлислар, футбол мутахассислари ва статистик кўрсаткичлар асосида ўтказилган овоз бериш натижасида ой футболчиси деб топилди.
Кейн сентябрь ойи давомида Бундеслиганинг учта учрашувида майдонга тушиб, 7 та гол урди ҳамда жамоасининг барча ўйинларида ғалаба қозонишида муҳим роль ўйнади. Айниқса, у “Айнтрахт” ва “Вердер”га қарши баҳсларда дубль қайд этиб, ўзининг ажойиб голлари билан мухлислар эътирофига сазовор бўлди.
Бу Кейннинг Германияда Бундеслига футболчиси сифатида олган навбатдаги мукофоти бўлиб, у 2023 йилда “Тоттенхэм”дан “Бавария”га ўтганидан бери жамоанинг асосий ҳужумчиси сифатида ҳаракатланмоқда.
Маълумот учун, Ҳарри Кейн жорий мавсум Бундеслигада 6 та учрашувда майдонга тушиб, 11 та голни ўз номига расмийлаштириб қўйди. Кейн ҳозирда Бундеслига тўпурарлар жадвалида пешқадамлик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳарри Кейн “Бавария” билан шартномани узайтириш ниятида эканлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси