Хитой компаниялари Ўзбекистон конларида қидирув олиб боради
Жамият
−
15:41 1058 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Хитой Халқ Республикаси Миллий энергетика бошқармаси раҳбари Ван Хунчжи бошчилигидаги ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари ва молия институтлари делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда China Energy Engineering Corporation, China Datang, Sinoma Energy Conservation, China Southern Power Grid, CAMCE, CNNC, State Nuclear Uranium Resource Development компаниялари раҳбарлари ҳамда The Export-Import Bank of China ва Bank of China вакиллари иштирок этган.
Томонлар энергетика ва геология соҳаларида ўзаро манфаатли юқори технологияли лойиҳаларни илгари суриш, банк-молия борасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиққан.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги савдо-иқтисодиёт ва инвестиция йўналишларида жадал суръат билан ривожланиб бораётганини чуқур мамнуният билан таъкидлаган.
Йилнинг ўтган даврида товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард доллардан ошган, Хитойдан 8 миллиард доллардан зиёд тўғридан тўғри инвестициялар ўзлаштирилган. Ўзбекистонда қарийб 6 мингта қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.
“Яшил” энергетика соҳасидаги лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган. Хитойнинг етакчи компаниялари иштирокида Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари ҳамда энергияни сақлаш тизимлари қурилмоқда.
Ушбу лойиҳаларни тезлаштириш ҳамда фотоэлектр станциялар қувватини кенгайтириш, агровольтаикани жорий этиш ва электр узатиш линияларини қуриш каби янги ташаббусларни бошлаш режалари қўллаб-қувватланган.
Чиқиндиларни қайта ишлаш ҳисобига энергия ишлаб чиқариш, дата-марказлар ва бошқа замонавий технологик ечимларни ривожлантириш соҳасидаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Тоғ-кон ва геология соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари бўйича фикр алмашилган. Бу борада конларда биргаликда геология-қидирув ишларини олиб бориш ва уларни ўзлаштириш, муҳим хомашёни етказиб бериш соҳасида узоқ муддатли шерикликни йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.
Музокараларда Хитойнинг йирик банклари билан молиявий ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилган. Инфратузилмавий лойиҳаларни молиялаштириш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобиль йўллари ва гидроэлектростанцияларини барпо этиш, қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинган.
Учрашув иштирокчилари давлат раҳбарига проактив мулоқот учун миннатдорлик билдириб, эришилган келишувларни сўзсиз амалга оширишга қатъий интилишини тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов ва Бирлашган Араб Амирликлари Энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегация қабул қилган эди.
Live
Барчаси