Хитой Япония яқинида операция ўтказди

Олам

image

Хитой авиаташувчиси Япония яқинида 100 га яқин ҳаво машғулотларини амалга оширди. Бундан норози бўлган Япония Хитой элчисини Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирди. Хитой эса бу иддаоларни рад этмоқда. Бу икки қўшни давлат ўртасидаги кескинликни кучайтириб, дипломатик норозиликларга сабаб бўлди. Бу ҳақда “The Straits Times” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур тўқнашувлар Япония Бош вазири Санаэ Такаичи ўтган ой берган огоҳлантиришидан кейин рўй берган. Ўшада Бош вазир агар Хитойнинг Тайванга нисбатан ҳарбий ҳаракати Япониянинг хавфсизлигига таҳдид солса, Токио жавоб қайтариши мумкинлигини айтганди.

Япония Мудофаа Кучлари маълумотига кўра, Хитойнинг Лиаонинг авиаташувчиси Окинава яқинидан ўтиб, Тинч океанининг шарқий қисмига йўл олган ва ҳафта давомида қарийб 100 та ҳарбий машғулотларини бажарган.

Кеча, 7 декабрь куни Япония Ташқи ишлар вазирлиги Хитой элчиси Ву Сзянхаони чақириб, Хитой қирувчи самолётлари япон кузатув самолётларига радар нури йўналтиргани учун норозилик билдирди. Бундай радар йўналтириш бўлажак ҳужум эҳтимоли сифатида баҳоланади. 

Хитой элчихонаси Токионинг даъволарини рад этди ва аксинча, япон самолётларини Лиаонинг ҳамда уни кузатаётган учта ракета-дестроерига хавф туғдирганликда айблади.

“Элчихона Япония томонини асоссиз айбловлардан воз кечишга, фронт чизиғидаги хатти-ҳаракатларни чеклашга ва бундай ҳолатларнинг такрорланмаслигини таъминлашга чақиради”, дейилади баёнотда.

Япония ҳукумат котиби Минору Киҳара Хитойнинг айбловларини рад этиб, Токио вазиятни диққат билан кузатишда давом этишини айтди. Унинг сўзларига кўра, Япония хотиржам, аммо қатъий позицияни сақлайди, Хитой қўшинларининг мамлакатга яқин ҳудудлардаги фаоллигини кузатишда давом этади.

Такаичи баёнотларидан сўнг, Пекин ўз фуқароларига Японияга саёҳат қилмасликни тавсия қилди. Бундан ташқари, Хитой Фукусима АЭСдан тозаланган сув бўйича баҳслардан сўнг тикланаётган япон денгиз маҳсулотлари импортини ҳам вақтинча тўхтатди.

Маълумот ўрнида, Хитой демократик бошқарувдаги Тайванни ўз ҳудуди деб билади ва охирги йилларда оролга нисбатан ҳарбий-сиёсий босимини оширмоқда. Тайвань ҳукумати эса бу ҳудудий даъволарни қатъиян рад этади. Тайвань аввалги Япония колонияси Окинаванинг энг ғарбий оролидан атиги 110 километр масофада жойлашган.

Япония ҳудудида АҚШнинг энг йирик хориждаги ҳарбий контингенти жойлашган бўлиб, Окинавада минглаб АҚШ денгиз пиёдалари бор.

АҚШ Давлат департаменти ҳам, Токиодаги элчихонаси ҳам радар инциденти бўйича изоҳ бериш сўровларига жавоб бермади.

АҚШнинг Япониядаги элчиси Жорж Гласс Японияни қўллаб-қувватлади, бироқ Президент Доналъд Трамп кейинги йили савдо музокаралари учун Пекинга боришни режалаштираётгани боис бу борада изоҳ беришни истамади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Тайвань ва Жанубий Хитой денгизи бўйича Хитой билан можаронинг олдини олиш учун АҚШ ва иттифоқчиларнинг ҳарбий қудратини кучайтиришга асосланган янги стратегияни эълон қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Япония

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг