Хитойда роботлар олимпиадада беллашади (видео)
Олам
−
16 Август 4526 2 дақиқа
Кеча, 15 август куни Хитойнинг Пекин шаҳрида инсон шаклидаги роботларнинг биринчи жаҳон ўйинлари бошланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Хитойда старт олган ушбу тадбир сунъий интеллект ва робототехника соҳасидаги ютуқларни глобал миқёсда намойиш этади ва 16 мамлакатдан 280 жамоани бирлаштиради. Мусобақаларнинг илк куни 100 метр масофага югуриш билан очилган. Ўйинлар 17 август кунига қадар давом этади.
Улар “Муз лентаси” номли арена майдонида ўтказилади. Бу стадион 2022 йилги қишки Олимпия ўйинларида конькида учиш бўйича мусобақаларни қабул қилган. Арена бутунлай роботлар учун юқори технологияли марказга айлантирилган бўлиб, уларнинг хизмат кўрсатиши ва зарядланиши учун барча инфратузилма билан таъминланган. Ўйинлар Пекин шаҳар ҳукумати, China Media Group, Роботлар бўйича Жаҳон ҳамкорлик ташкилоти ва Осиё-Тинч океани минтақавий RoboCup кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Мусобақаларда 26 тоифадаги 487 тур бўйича беллашувлар ўтказилади. Дастурга анъанавий спорт турлари киради. Масалан, енгил атлетика (2,1 метр кенгайтирилган югуриш йўлаги билан) ва футбол (5 га 5). Шунингдек, роботлар орасида бокс мусобақалари ҳам мавжуд.
Жамоалар тўлиқ автоном режим ёки масофадан бошқарувни танлашлари мумкин. Автоном роботлар визуал аниқлаш тизимлари ва қарор қабул қилиш алгоритмларига таянади, масофадан бошқариладиганлар эса паст кечикишли барқарор тармоқни талаб қилади, шунинг учун арена 5G-A тармоғи билан жиҳозланган.
Иштирокчилар орасида етакчи Хитой компаниялари – Yushu Technology, Xinghaitu, Tiangong, шунингдек, Tsinghua, Пекин университети ва Shanghai Jiao Tong University мавжуд. 16 мамлакатдан, жумладан АҚШ ва Германиядан халқаро жамоалар ҳам қатнашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда роботлар иштирокида дунёдаги биринчи футбол ўйини ўтказилганди. Бутунлай автоном тарзда ўтган ушбу футбол ўйинида фақат сунъий интеллект томонидан бошқарилувчи гуманоид роботлар қатнашган. Улар илғор визуал сенсорлар билан жиҳозланган бўлиб, тўпни аниқлай олиш, майдонда ҳаракатланиш ва йиқилгач, ўз-ўзидан туриб кетиш имкониятига эга эди.
Live
Барчаси