Хитойда учар автомобилларни оммавий ишлаб чиқариш бошланди

Технология

image

Хитойнинг XPeng электромобиль ишлаб чиқарувчиси вертикал учиш ва қўниш имкониятига эга учувчи автомобилларни оммавий ишлаб чиқаришни синов тариқасида йўлга қўйди. Бу ҳақда “Синьхуа” хабар берди.

Қайд этилишича, ишлаб чиқариш жараёни дунёдаги биринчи ақлли заводда – Хитой жанубида жойлашган корхонада олиб борилмоқда. Корхона аллақачон Land Aircraft Carrier деб номланган модулли автомобилнинг ажратиб олинадиган электр учиш аппаратини ишлаб чиқарган.

Заводнинг лойиҳа қуввати йилига 10 мингта олинадиган авиация модули, дастлаб эса 5 минг дона ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу кўрсаткич дунёда шундай турдаги корхоналар орасида энг каттаси ҳисобланади. Завод тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, ҳар 30 дақиқада биттадан учувчи аппарат йиға олади.

XPeng компанияси маҳсулот тақдимотидан буён деярли 5 мингта “учувчи автомобиль” учун буюртма олган. Оммавий ишлаб чиқариш ва етказиб бериш 2026 йилда бошланиши режалаштирилган.

“Учувчи автомобиль” олти ғилдиракли ер транспорт воситаси ва ундан ажралувчи вертикал учиш-қўниш аппаратидан иборат. У автоматик ва қўлда бошқариш режимларига эга. Автоматик режимда у ақлли йўналишни режалаштиради ҳамда бир тугмада учиш ва қўнишни амалга оширади.

Транспорт воситасининг узунлиги тахминан 5,5 метр бўлиб, у одатий ҳайдовчилик гувоҳномаси билан оддий йўлларда ҳаракатлана олади ва стандарт автотураргоҳларда тўхташи мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ақлли учар автомобиллар ишлаб чиқарувчи завод қурилиши бошлангани ҳақида хабар берилганди. Қурилиш Xpeng компанияси томонидан амалга оширилган ва лойиҳа майдони 180 минг квадрат метрни ташкил қилган.  


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой XPeng учар автомобиль

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг