Хитойдаги сув тошқинлари қурбонлари сони 22 кишига етди
Олам
−
15:18 853 2 дақиқа
Хитойда кучли ёмғирлар ва сув тошқинлари сабабли ҳалок бўлганлар сони 22 кишига етди. Яна 20 нафар маҳаллий аҳоли бедарак йўқолганлар рўйхатида турибди. Офатдан бир вақтнинг ўзида бир нечта провинция жабр кўрди. Бу ҳақда CNA хабар берди.
Сўнгги кунларда мамлакатнинг бир неча ҳудудларида рекорд даражадаги ёғингарчилик қайд этилган. Ноқулай об-ҳаво туфайли расмийлар мактаблардаги дарсларни ва айрим муассасалар фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб қўйган, шунингдек, стихия оқибатларини бартараф этиш учун маблағ ажратишни бошлаган.
Бир нечта провинция жиддий зарар кўрган. “Синьхуа”нинг маълумотларига кўра, Хунань провинциясида беш киши ҳалок бўлган, яна 11 киши бедарак йўқолган. Хабар қилинишича, фақатгина битта уезднинг ўзида жала қуйиши оқибатлари 61,5 мингдан ортиқ аҳолига таъсир кўрсатган.
Жанубий Гуанси провинциясида табиий офат қурбонлари сони 10 кишини ташкил этган. Хитой ОАВларининг хабарига кўра, юк машинаси қирғоқдан тошиб кетган дарёни кесиб ўтишга уринган, бироқ кучли сув оқими машинани оқизиб кетган.
Яна тўрт киши Гуйчжоу провинциясида ҳалок бўлган. У ерда ҳам йўқолганларни қидириш ишлари давом этмоқда. Хубэй провинциясида эса сув тошқинлари уч кишининг ҳаётига зомин бўлган, яна тўрт киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Тошқинлар оқибатида баъзи иншоотлар вайрон бўлган ва айрим аҳоли пунктлари билан алоқа узилган.
Хитой ҳукумати жабр кўрган ҳудудларга ёрдам бериш учун 120 миллион юань йўналтирган. Бундан ташқари, жиддий талофатлар ва жабрланганларнинг кўплиги сабабли Гуйчжоу провинциясига алоҳида яна 30 миллион юань ажратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда юз берган кучли ёмғирлар жанубий ва марказий Хитой ҳудудларида кенг кўламли тошқинлар ва кўчкиларга сабаб бўлгани, оқибатда камида 10 киши ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси