Хотини, ўғли, ҳайдовчиси. Самарқандда ҳокимлар расмий делегация сафига бола-чақасини қўшиб жўнатди
3-саҳифа
−
02 Март 48225 3 дақиқа
Самарқанд вилоятининг Қўшработ ва Каттақўрғон тумани ҳокимлари хорижий давлатга сафар қилган делегация сафига қонунга хилоф равишда ўз яқинларини қўшиб жўнатди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Самарқанд вилоятидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хорижий хизмат сафарлари, улар бўйича маълумотларнинг очиқланиши ва белгиланган тартиб-таомилларга риоя этилиши ўрганилган.
Ўрганиш жараёнида вилоятнинг Қўшработ ва Каттақўрғон туман ҳокимликлари мансабдор шахслари томонидан хизмат сафарларига яқин қариндошлари, шунингдек, сафарга бевосита алоқадор бўлмаган ходимлар юборилганлиги ҳолатлари аниқланган.
Хусусан, Хитойда Марказий Осиё давлатларининг профессионал фермерлари учун ташкил этилган семинарга Қўшработ туман ҳокимининг ҳайдовчиси М.Т. ҳамда ҳокимнинг ўғли Д.Д. лар хизмат сафарига юборилган.
.jpg)
Бундан ташқари, Хитойда ташкил этилган Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва қайта ишлашни ташкил этиш бўйича махсус ўқув курсларида Қўшработ туманидаги соҳага алоқадор ҳокимлик вакиллари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари таклиф этилганлиги кўрсатилиб, 32 нафар шахсдан иборат делегация таркиби (рўйхат) тақдим этилган.
Бироқ рўйхатни ўрганиш давомида айрим делегация вакиллари, жумладан, туман ҳокимининг турмуш ўртоғи М.Ш., ҳокимлик бошқа мансабдор шахсининг яқин қариндоши Ч.Ҳ.лар рўйхатга асоссиз равишда киритилгани маълум бўлган. Шунингдек, рўйхатдаги Н.Х. ва М.С.лар Қўшработ туманидаги 1-сон техникум ходимлари сифатида расмийлаштирилган бўлиб, аслида улар ушбу техникумда ишламаслиги маълум бўлган.
Бундан ташқари, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан хорижий хизмат сафарига тўғридан тўғри алоқадор бўлмаган ходимларни юбориш ҳолатлари мавжудлиги аниқланган.
Масалан, Каттақўрғон туман ҳокимлиги томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва савдо шартномалари бўйича янги келишувларга эришиш мақсадида 2025 йилнинг 22-30 май кунлари Хитойга хизмат сафари ташкил этилиб, делегация таркибига сафар мақсадларига тўғридан тўғри алоқадорлиги бўлмаган ҳокимлик ходими ҳам киритилган.
Шу каби, Давлат раҳбарининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон Фармонида мансабдор шахсларнинг хорижий хизмат сафарлари ҳақидаги ахборотлар очиқ эълон қилиниши белгиланган бўлишига қарамай, Каттақўрғон ҳамда Қўшработ туман ҳокимликлари томонидан ушбу маълумотлар асоссиз равишда яширилгани аниқланган.
Ўрганиш ва таҳлиллар жараёнида тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
“Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз ваколатлари доирасида коррупциявий ҳолатларни аниқлаш, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш ҳамда коррупция омилларини бартараф этиш бўйича тизимли чораларни қатъий давом эттиради”, дейилади хабарда.
Шунингдек, агентлик ушбу йўналишда ОАВ, журналистлар, блогерларнинг фаол позициясини қўллаб-қувватлаши ҳамда улар билан очиқ ва конструктив ҳамкорликка ҳар доим тайёр экани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерациясида ўтказилган “Алвон елканлар” битирувчилар байрамига яқинларини жўнатган Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари ишдан олинган эди.
Live
Барчаси