Ховос тумани ҳокими ишдан олинди
Жамият
−
09 Декабрь 6058 2 дақиқа
Бугун, 9 декабрь куни Ховос туманида Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди ва унда туманга янги раҳбар тайинланди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Сессия ишида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам иштирок этди. Турдимов ўз нутқида туманда бир қатор муҳим йўналишларда жиддий қолоқлик ва сусткашлик ҳолатлари мавжудлигини кескин танқид қилди. Камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини ошириш, инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалда йўлга қўйиш, экспорт ҳажмини кўпайтириш каби устувор масалаларда туман биринчи раҳбарининг ташаббуси, масъулияти ва талабчанлиги етарли даражада эмаслигини билдирди.
Шу боис, туман ҳокими Улуғбек Йўлдошев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. У 2023 йил 7 августдан буён ушбу лавозимда ишлаб келаётган эди. Йўлдошевга яқинда тумандаги 9-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилгани ортидан “ҳайфсан” интизомий жазоси берилганди.
Ховос туманига Қомус Мирович Йўлдошев ҳоким этиб тайинланди. У тайинловга қадар Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган.

Маълумот учун, Қомус Йўлдошев 1983 йилда Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида туғилган. 2004 йилда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини тамомлаган.
Эслатиб ўтамиз, Ховос туманининг Улуғбек Йўлдошевдан олдинги собиқ ҳокими Учқун Камолов 2023 йил 7 августда лавозимидан олинганидан кўп ўтмай, 2023 йил 18 сентябрь куни қамоққа олинганди ва жиноий жавобгарликка тортилганди.
Live
Барчаси