Хўрланганлар: сут ҳиди кетмаган гўдакдан, оқ сочли онахонгача

Таҳлил

Бу гал аёлларни улуғлаш ҳақида гапирмаймиз. Гул, табрик ва дабдабали байрамлар ҳақида ҳам эмас. 2025 йилнинг март ойидан 2026 йил мартигача бўлган даврда жабр кўрган, яқинлари томонидан зўравонликка учраган, жинсий тажовуз қурбонига айланган ва баъзида шу зулм гирдобида ўз жонига қасд қилишга мажбур бўлган аёллар ҳақида сўз юритамиз. Шунингдек, уларни ана шундай оғир аҳволга олиб келган воқеалар ва айбдорлар ҳақида ҳам маълумот берамиз.

2025 йил март ойида пойтахтнинг Олмазор туманидаги мактаблардан бирида вояга етмаган ўқувчининг ҳомиладор бўлиб қолгани аниқланган эди. Атиги 14 ёшда бўлган қиз ўгай отаси томонидан мунтазам тазйиқ ва зўравонликка учраб, ундан ҳомиладор бўлиб қолгани маълум бўлган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган ҳамда иш ҳужжатлари ички ишлар органларига юборилган. Гумонланувчи ўгай отага нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
2025 йил май ойида эса Бухоро вилоятида 4 ёшли қизалоқ қариндоши томонидан зўравонликка учрагани ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ’га мурожаат қилган фуқаронинг айтишича, унинг 4 ёшли жияни онаси томони қариндошлари, хусусан 2011 йилда туғилган холаваччаси томонидан мунтазам ҳақорат, қийноқ ва зўравонликка учраб келган. Унга нисбатан ғайритабиий ҳаракатлар содир этилгани ҳам таъкидланган. Мурожаатчига кўра, бу воқеалар 2024 йил октябридан декабригача давом этган.

2025 йил 4 январдан бошлаб қизнинг ота томони қариндошлари уни тиббий экспертиза ва психологлар кўригидан ўтказиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Бироқ Бухоро шаҳри прокуратурасига йўлланган мурожаатлар дастлаб тергов ҳаракатларисиз ёпилган. Шундан сўнг боланинг яқинлари юқори турувчи идора ва ташкилотларга мурожаат қилган. Натижада Бухоро вилояти прокуратураси томонидан ҳолат қайта ўрганилиб, қўшимча терговга қадар текширув ишлари олиб борилган. Шунга ўхшаш яна бир ҳолат Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида содир бўлган. Унда вояга етмаган 15 ёшли қиз 4 нафар йигит томонидан зўрлангани айтилган.

Ожиза аёллар

Афсуски, ёш қизларнинг номусига тегиш билан боғлиқ ҳолатлар жамиятда ҳануз кўп учрамоқда. Ор-номус оила шаъни деб қараладиган жамиятда бундай ҳайвоний жиноятларнинг айримлари ҳатто ошкор ҳам этилмайди. Шу сабабли уларнинг асл кўлами қанчалик экани ҳам номаълумлигича қолмоқда.

Аслида аёл ва қизларга нисбатан содир этилаётган жиноятлар фақатгина тежоғлик ёки жинсий тажовуз билан чекланиб қолмайди. Хотин-қизлар ва болаларни аёвсиз калтаклаш, таҳқирлаш, хўрлаш, ҳатто уларни ўз жонига қасд қилиш даражасигача олиб бораётган ҳолатлар ҳам кам эмас.

Масалан, 2025 йил июль ойида Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида 41 ёшли собиқ ҳарбий хизматчи хотинини қариндошларининг тўйига боришига йўл қўймаслик учун уни подвалга қамаб қўйган. Эркак аёлни бир кун давомида сув ва овқатсиз сақлаб, уни калтаклагани ҳам аниқланган.

Яна бир ҳолат Сурхондарё вилоятининг Узун туманида содир бўлган. Унда эркак ўзининг шаръий никоҳидаги аёли ва янги туғилган фарзандини беш ой давомида молхонада сақлаган ҳамда аёлга нисбатан мунтазам тазйиқ ва зўравонлик қилиб келган. Бошқа бир воқеада эса оилавий зўравонликдан чарчаган аёл машинага қуйиладиган заҳарли “антифриз” суюқлигини ичиб, ўз жонига қасд қилган.

Афсуски, зўравонлик ва таҳқирлашлар ёш, ижтимоий мавқе ёки касб танламайди. Масалан, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида ўқитувчи бўлиб ишлаган эркак икки аёл билан яшаб келгани аниқланган. Ўзаро жанжал оқибатида у қонуний никоҳдан ўтган биринчи турмуш ўртоғининг сочларини қириб ташлаб, аёлни уриб калтаклаган.

Маълум бўлишича, ушбу оила никоҳи 2021 йилда расман бекор қилинган бўлса-да, аёл эрининг таклифига биноан беш нафар фарзанди билан Гулистон шаҳрининг Бўстон маҳалласидаги хонадонлардан бирида яшаб келган. Шу вақт ичида эркак шаръий никоҳ асосида яна бир аёлга уйланиб, уни ҳам шу хонадонга олиб келган. Эркак маст ҳолатда аёлни бегона эркаклар билан ёзишмада айблаб, унга нисбатан ҳам руҳий, ҳам жисмоний тазйиқ ўтказган.

Бундан ташқари, 2025 йил июль ойида Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 23 ёшли келин овсини, қайнонаси ва эри томонидан ваҳшийларча калтакланиши оқибатида вафот этган. Айнан шу ойда Сурхондарё вилоятида 71 ёшли аёл ўз уйида пичоқлаб ўлдирилган.

Шунингдек, жорий йилнинг бошида Андижон вилоятининг Асака туманидаги мактаб биносида ҳам даҳшатли воқеа юз берди. Ўқитувчи аёл ўқувчилар кўз ўнгида ўлдирилди. Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилишича, воқеа 27 январь куни соат 15:30 ларда Асака туманидаги мактаб биносида содир бўлган. Шу мактабда ишловчи эркак оилавий келишмовчиликлар сабаб келиб чиққан жанжал оқибатида ўзи билан бирга ишловчи 34 ёшли турмуш ўртоғига ёнида олиб келган хўжалик пичоғи билан бир неча маротаба тан жароҳати етказиб, уни қасддан ўлдирган.

Аёллар ва қизларга нисбатан содир этилган ҳамда этилаётган бундай ваҳшийликларнинг сони жуда кўп. Биз эса ўқувчи кўнглини янада хира қилмаслик учун уларнинг барчасини келтирмадик. Аслида эса бу фожиаларнинг ҳаммасини санаб чиқишга на вақт етади, на қаламнинг сиёҳи.

Зўравонлик ҳолатлари 125 фоизга ошган

Энди ушбу бир йиллик даврда очиқланган ярим йиллик ва қисман статистик маълумотларига назар ташлаймиз. 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, энг кўп зўравонлик ҳолатлари Тошкент вилоятида – 9 414 та, Бухоро вилоятида – 5 612 та, Қашқадарё вилоятида – 5 268 та ва Андижон вилоятида – 4 808 та ҳолатда қайд этилган. Шу давр мобайнида 930 нафар аёлга такрорий ҳимоя ордерлари берилган.

Шунингдек, 2025 йилнинг дастлабки 8 ойи давомида аёлларга нисбатан қарийб 50 мингдан ортиқ таъқиб ва зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Бу эса ўтган йилга нисбатан 125 фоизга кўп дегани. Яъни, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари камаймаган, аксинча ортиб бормоқда.

Аксар ҳолларда аёллар йиллар давомида жим юради. Бунга сабаб – қўрқув, уят ёки жамият босими. Энг ачинарлиси, кўпинча зўравонлик содир этаётган шахс бегоналар эмас. У турмуш ўртоғи, ота ёки энг яқин қариндош бўлиши мумкин. Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилнинг ярим йиллигида 4 952 нафар эркак оилавий зўравонлик учун жавобгарликка тортилган. Улардан 3 200 нафари жаримага, 1 752 нафари эса маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Бундан ташқари, 231 нафар шахс аёлларга нисбатан қийноқ ва зўравонлик жинояти учун судланган, улардан 65 нафари қамоқ жазосига юборилган. Яна 986 нафар шахс аёлларга нисбатан жинсий таъқибда айбланган. Уларнинг 358 нафари жаримага, 628 нафари эса маъмурий қамоқ жазосига тортилган.

Статистикага кўра, ҳар бешта ажрим ҳолатидан тўрттаси оилавий зўравонлик туфайли содир бўлган.

Албатта, бу рақамлар барча ҳолатларни қамраб олмайди. Улар фақат расман қайд этилган статистик маълумотларни акс эттиради. Реал ҳаётда эса “ҳақиқий тажовуз” ва зўравонлик ҳолатлари бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Кўрилаётган янги чоралар

Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳукумат томонидан жазолар кучайтирилиб, янги қонунлар қабул қилинмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 16 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий қилишни маъқуллади. Унга кўра, эндиликда педофилларга нисбатан энг оғир жазо — умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилиши мумкин.

Шунингдек, 2026 йил 3 март куни Президент “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Мазкур фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг мобил телефонларига SOS чақирув мобил иловаси ўрнатилади. Ушбу илова орқали улар зарурат туғилганда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига зудлик билан хабар юбориш имкониятига эга бўлади. Илова жабрланувчининг розилиги билан ўрнатилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, қатор ваколатли давлат органларининг масъулияти ва вазифалари ҳам оширилди. 5 март куни Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўз нутқида аёллар ва болаларга нисбатан содир этилган зўравонликлар ҳамда жиноятларга бундан буён мутлақо муроса қилинмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, қонун ҳаммага бирдек ишлаши шарт – истисносиз, ҳеч қандай “хос одамлар” ёки алоҳида вазиятларсиз.

Шунингдек, Саида Мирзиёева ҳеч бир аёлни жимгина зулмга чидашга ҳеч ким мажбур қила олмаслигини алоҳида қайд этди. Сизларга тақдим этилган рақамлар оддий статистика эмас. Бу минглаб аёлларнинг синдирилган ҳаёти, қўрқув билан ўтган тунлари ва жим ютилган кўз ёшларидир.

Жамият кўпинча бундай аёллардан сабр қилишни, “оила учун чидашни”, “уят бўлади” деб сукут сақлашни талаб қилади. Аммо сукут зўравонликни тўхтатмайди – аксинча, уни давом эттиради. Аёлни ҳурмат қилиш гуллар билан эмас, балки унинг ҳаёти ва қадр-қимматини ҳақиқатан ҳимоя қила оладиган оила ва жамият билан ўлчанади. Аёлларни ва  асраб-авайлаш эса ҳар биримизнинг бурчимиздир. 

Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент жиноят Зўравонлик табрик болалар Аёллар Олмазор статистик маълумотлар Хўрланганлар дабдабали байрамлар тиббий экспертиза Ожиза аёллар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг