Ким Чен Ин янги “Армия ва халқ” ГЭСини ишга туширди (фото)

Олам

image

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Канвон провинциясида барпо этилган янги “Армия ва халқ” гидроэлектр станциясининг ишга туширилиши маросимида қатнашди ва унинг объектлари билан танишди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.

Агентликка кўра, ушбу ГЭС вилоят раҳбарияти жорий беш йиллик режа доирасида маҳаллий ривожланишнинг асосий вазифаси сифатида белгилаган 6 та ГЭСдан охиргиси ҳисобланади.

ГЭС очилиш маросими кеча, 20 ноябрь куни бўлиб ўтган. Тадбирда партия ва ҳукумат раҳбарлари, ТПК Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси президиуми аъзолари, вилоят партия қўмиталарининг масъул котиблари, халқ қўмиталари раислари, ҳарбийлар ва қурувчилар, ГЭС ходимлари, шунингдек, Канвон вилояти ва Хваян тумани аҳолиси иштирок этган.

Маросимда сўзга чиққан Шимолий Корея етакчиси лойиҳанинг якунланиши катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

“ГЭСнинг “Армия ва халқ” номи билан айнан 2025 йилнинг муваффақиятли якунланиши учун бутун мамлакат ҳаракат қилаётган бир пайтда ишга туширилгани жуда қувончли ҳодиса”, дейди Ким Чен Ин.

Агентлик эълон қилган суратларда ГЭС дамбасига “Халқнинг буюк бирлиги” деб ёзилгани кўринади.

Ким Чен Ин партия Марказий қўмитаси номидан ГЭСни барпо этган қурувчиларга, Канвон вилояти аҳолисига ҳамда Корея Халқ Армияси аскарларига миннатдорлик билдирган. Уларнинг “келажак авлодлар учун мустаҳкам энергетика базаси яратгани”ни, бу натижани партиянинг IX қурултойи шарафига “совға” деб атаган.

Маросим якунида Ким Чен Ин қизил лентани кесиб, ГЭСнинг тарихи хонаси ва электр генераторлари каби объектлар билан танишган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея денгиздаги стратегик қанотли ракеталарини синовдан ўтказганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ким Чен Ин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг