Куба нега таназзул ёқасига келиб қолди?
Олам
−
18 Февраль 2030 2 дақиқа
2015 йилда ўша пайтдаги АҚШ президенти Барак Обама дипломатик алоқаларни тиклагач, Кубага америкалик сайёҳлар оқими кучайган, бу эса маҳаллий бизнесга жон бағишлаган. Гаванадаги классик автомобиль ҳайдовчиси Менди Пруна ўша даврни “туризмнинг олтин даври” деб эслайди. Унинг 1957 йилги Chevrolet’и хорижлик меҳмонлар орасида таниқли бўлган, ҳатто машҳурлар ҳам хизматидан фойдаланган. Бироқ ҳозир вазият кескин ўзгарган. Бу ҳақда CNN ёзди.
Дональд Трамп маъмурияти босими остида Венесуэладан келадиган нефть оқими тўхтаган, Мексикага ҳам бож таҳдидлари қўлланган. Оқибатда оролда ёқилғи танқислиги кучайган. АҚШ томони Гавана иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларга мажбур бўлиши кераклигини айтмоқда. Давлат котиби Марко Рубио эса Куба раҳбарияти билан фақат ҳокимиятни топшириш масаласини муҳокама қилишини билдирган.
Ёқилғи ва сайёҳларнинг бир пайтда йўқолиши иқтисодиётга оғир зарба берган. Мактаблар вақтинча ёпилган, ходимлар мажбурий таътилга чиқарилган, меҳмонхоналар ва айрим халқаро рейслар бекор қилинган. Йиллик сигара фестивали ҳам бу сафар ўтказилмаган. Тоғ-кон компаниялари ишлаб чиқаришни тўхтатгани, шифохоналарда хизматлар қисқаргани, чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаётгани, кечалари Гавана кўчалари қоронғиликка чўмаётгани айтилмоқда.
Озиқ-овқат таъминоти ҳам хавф остида. Куба истеъмол қиладиган маҳсулотларнинг катта қисмини импорт қилади, бироқ электр узилишлари ва ёқилғи етишмаслиги сабаб сақлаш ва ташиш қийинлашган. Айрим сиёсатчилар АҚШдан пул ўтказмалари ва туризмни тўлиқ тўхтатишга чақирмоқда, бу эса гуманитар инқироз хавфини кучайтиради.
Президент Мигель Диас-Канель аҳолига “ички қаршилик” ва уруш даври руҳида яшашга чақирган. Аммо кўплаб тадбиркорлар келажакдан умидини узмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 10 февралдан бошлаб жорий йилнинг 11 мартигача Куба ҳукумати етти йирик аэропорт, жумладан, Гавана шаҳридаги Жозе Марти халқаро аэропортида самолётларни ёнилғи билан таъминламаслиги айтилган эди.
Live
БарчасиАрманистонда отишма юз берди. Қурбон бор
18 Февраль