Латвия Россия ва Беларусь билан савдони тўхтатмоқчи
Олам
−
03 Июнь 1673 2 дақиқа
Латвия Бош вазири Андрис Кулбергс мамлакат Россия ва Беларусь билан иқтисодий алоқаларни тўлиқ тўхтатиши кераклигини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди. У бу ҳақда кеча, 2 июнь куни бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида маълум қилди.
Кулбергснинг айтишича, бу икки давлат билан савдо алоқалари “кераксиз қарамлик” бўлиб, мамлакат хавфсизлиги ва иқтисодий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, Бош вазир айрим истиснолар қўлланилиши мумкинлигини ҳам таъкидлаган. Хусусан, фармацевтика соҳасига нисбатан экспорт чекловлари тўлиқ татбиқ этилмаслиги эҳтимоли бор. Кулбергснинг фикрича, бу тармоқни бир хил мезон билан баҳолаб бўлмайди, чунки фармацевтика корхоналари Латвиянинг муҳим ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлиб, улар қисқа вақт ичида бошқа бозорларга тўлиқ ўта олмайди. Шу билан бирга, бу истиснолар фақат фармацевтикага тегишлими ёки бошқа соҳаларни ҳам қамраб оладими, ҳозирча аниқ эмас.
“Латвияда фармацевтика корхоналари ишлаб чиқариш қуввати ва тажрибага эга бўлган муҳим компаниялар. Улар бизнинг мудофаамиз учун ҳам жуда муҳим ва бу имкониятлар ҳимоя қилиниши керак”, дейди Бош вазир.
Ташқи ишлар вазири Баиба Бражега бу масалани Европа Иттифоқи билан келишиб, бирга ечим топишни буюрган, чунки Латвия бу ишни ёлғиз эмас, ЕИ билан ҳамкорликда амалга оширади.
“Бу масалага хавфсизлик нуқтаи назаридан қаралмоқда. Бу “қора ёки оқ” масала бўла олмайди”, дея қўшимча қилган Кулбергс.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Латвия Транспорт вазирлиги Россия ва Беларусга барча автобус қатновларини, шунингдек, мамлакат ҳудуди орқали транзит ташишни тақиқловчи тузатишларни ишлаб чиққанлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси