Лукашенко қўшинларни шай ҳолатга келтирди

Олам

image

Беларусь фуқароси Александр Лукашенконинг кўрсатмаси билан мамлакат Қуролли кучлари шай ҳолатга келтирилди. Бу ҳақда БелТА хабар берди.

“Қуролли кучларнинг бир қатор бўлинмалари уларни жанговар шай ҳолатга келтириш, белгиланган ҳудудларга ўтиш ва буйруқда кўрсатилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича қатор тадбирларни амалга оширади”, дейилади хабарда.

Шунингдек, ҳаракатлар Беларусь Хавфсизлик кенгаши Давлат котибияти назорати остида ўтказилаётгани таъкидланган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 12-16 сентябрь кунлари 41 полигонда Россия ва Беларусь ўртасидаги “Запад-2025” машғулотлари бўлиб ўтганди. Машғулотларда 100 минг ҳарбий хизматчи қатнашганди, 10 мингга яқин техника ва турли қурол тизимлари жалб этилган эди.

Машқларнинг мавзуси иттифоқ давлатининг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш манфаатлари йўлида қўшин гуруҳларини қўллашдан иборат эди. Беларусь ва Россия ҳарбий хизматчилари ҳаво ҳужумларини қайтариш ва душманнинг саботаж гуруҳларига қарши курашни машқ қилди. Кремлнинг таъкидлашича, машғулотлар режалаштирилган тарзда ўтказилган ва ҳеч кимга қарши қаратилган эмас.

“Запад-2025” машғулотларида стратегик бўлмаган ядро қуролларидан фойдаланишни режалаштириш ва йил охиригача Беларусга етиб бориши керак бўлган “Орешник” мажмуасини жойлаштириш амалиёти ўтказилганди.

Беларусь армияси Бош штаби бошлиғи Павел Муравейко машғулотларда стратегик бўлмаган ядровий қуроллардан фойдаланишни режалаштириш ҳам борлигини маълум қилган. Шу билан бирга, “Орешник” мобил ракета тизими баҳоланди ва жойлаштирилди. Унинг ишонтиришича, машғулотлар давомида ҳар икки давлат ҳарбийлари олдига қўйилган “барча вазифалар” бажарилган.

Бундан ташқари, биринчи марта Россия ва Беларусь ҳарбийлари дронларни жанговар шароитларда қўллаш бўйича тўпланган тажрибани тизимлаштирганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Лукашенко “Time” журнали журналисти билан суҳбатда Беларусь урушнинг олдини олиш мақсадида ҳар куни, ҳар ой урушга тайёргарлик кўраётганини айтганди. У Беларуснинг мудофаа қобилиятини оширишда Россия иттифоқчилари муҳим роль ўйнашини таъкидлаганди. Александр Лукашенко Россия Беларуснинг ўз миллий хавфсизлигини таъминлашдаги стратегик аҳамиятини билишини ва шу боис уни бу борада қўллаб-қувватлашини айтганди. У республикага ҳарбий тажовуз содир бўлган тақдирда ядро қуролидан фойдаланишга тайёрлигини яшириб ўтирмади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қуролли кучлар Беларусь Александр Лукашенко

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг