Люксембург ҳам Фаластинни тан олмоқчи
Олам
−
17 Сентябрь 2383 2 дақиқа
Люксембург расмий равишда Фаластинни тан олади. Бу ҳақда жорий йилнинг 15 сентябрь куни мамлакат Бош вазири Люк Фриден ва Ташқи ишлар вазири Ксавье Беттель парламент қўмитаси мажлисида эълон қилди.
Кутилишича, Люксембург ҳукумати сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеяси йиғилишида Фаластинни тан олиш масаласида Франция, Буюк Британия, Канада ва Бельгия билан бирлашади. Қўшимча маълумотлар ҳам айнан ўша ерда, бошқа давлатлар билан ҳамкорликда аниқлаштирилиши айтилмоқда.
Маълумот учун, БМТнинг 193 аъзо давлатидан 140 дан ортиғи аллақачон Фаластинни тан олган, жумладан, Европа Иттифоқи аъзолари Испания ва Ирландия ҳам.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида Австралия Бош вазири Энтони Альбанезе Фаластинни тан олишни сентябрь ойида Бош ассамблея йиғилишида эълон қилишини билдирганди.
Июль ойи охирида эса Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер Фаластинни тан олишни Фаластин-Исроил можаросида узоқ муддатли тинчликка эришиш йўлидаги асосий қадам деб атади. У, шунингдек, Фаластин давлатини тан олиш икки давлат тинч-тотув яшаши учун шароит яратишга қаратилган кенг қамровли режа доирасига киришини таъкидлаган эди. Ўз навбатида, Исроил Буюк Британия Фаластинни суверен давлат сифатида тан оладиган бўлса, мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни тўхтатиши мумкинлигини билдирди.
Шунингдек, Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам июлда БМТ Бош ассамблеясида Фаластинни тан олишга тайёрлигини билдирган эди.
Бундан ташқари, Бельгия, Португалия, Канада ва Мальта каби Ғарб давлатлари ҳам Фаластинни тан олиш ниятида эканини маълум қилган. Уларнинг аксарияти буни яқинда бўладиган БМТ Бош ассамблеясида амалга оширмоқчи.
Live
Барчаси