Мадуро ҳибсга олинди ва суд олдида жавоб беради – АҚШ сенатори

Олам

image

АҚШнинг республикачи сенатори Майк Ли Давлат котиби Марко Рубионинг сўзларига таяниб, Венесуэла Президенти Николас Мадуро АҚШда жиноий айбловлари бўйича суд олдида жавоб беришини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.

“Ҳозиргина АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан телефон орқали гаплашдим. У менга Николас Мадуро АҚШ ҳарбийлари томонидан ҳибсга олингани ва Қўшма Штатларда жиноий айбловлари асосида жавобгарликка тортилиши ҳақида хабар берди”, деб ёзди Ли.

У, шунингдек, бугун, 3 январь куни Венесуэлада содир бўлган куч ишлатиш ҳаракатлари ҳибсга олиш ордерини ижро этаётган шахсларни ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилганини қайд этган.

АҚШнинг Венесуэлага ҳужуми

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венесуэла пойтахти Каракас шаҳрида камида еттита портлаш содир бўлгани, шаҳар­нинг бир қисми электр энергиясиз қолгани ҳақида хабар берилган эди. Портлаш товушлари шаҳарнинг турли ҳудудларида, шунингдек Симон Боливар номидаги Майкетия аэропорти ва Ла-Гуайра порти атрофида ҳам эшитилган.

Кейинроқ Колумбия Президенти Густаво Петро АҚШни Венесуэлани бомбардимон қилишда айблаб, БМТнинг фавқулодда йиғилишини чақиришга чақирди. Шундан сўнг CBS телеканали АҚШ Президенти Дональд Трамп Венесуэла ҳудудидаги қатор объектларга, жумладан ҳарбий нишонларга зарба бериш буйруғини берганини маълум қилди.

Венесуэла Президенти Николас Мадуро мамлакатда кенг қамровли мудофаа тизимини зудлик билан ишга тушириш ва миллий кучларни сафарбар этиш бўйича буйруқ берди. Мамлакатда фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди.

Бундан олдин АҚШ зарбаларидан кейин Николас Мадуронинг қаердалиги номаълумлиги, бироқ унинг энг яқин атрофидагиларнинг айримлари хавфсиз жойда экани ҳақида хабарлар тарқалган эди. 

Кейинчалик Дональд Трамп Венесуэлага қилинган ҳужум бўйича баёнот бериб, Мадуро рафиқаси билан бирга қўлга олингани ва мамлакатдан олиб чиқиб кетилганини маълум қилди. Шундан сўнг Россия АҚШнинг Венесуэалага қилган ҳужумини қоралади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Венесуэла Николас Мадуро Марко Рубио Майк Ли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг