Мактабларда ўқитувчилар ишлатилгани ортидан Ховос ҳокими жазоланди
Жамият
−
02 Сентябрь 6483 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги 9-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов ҳузурида атрофлича муҳокама этилган. Муҳокамада ҳокимлик мутасаддилари, масъул ташкилотлар ва мактаб вакиллари иштирок этган.
Жумладан, туман ҳокими Улуғбек Йўлдошев, туман ҳокимининг ўринбосари Азиз Расулов, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири вазифасини бажарувчи Р. Элчиев, 9-мактаб директори Д.Қодирбердиев ҳамда ушбу мактабнинг математика фани ўқитувчиси Ф.Муртозоқулов ўз фикр ва изоҳларини билдирган.
Жараёнда мактаб директори таълим муассасасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини тезкор ташкил этиш мақсадида ташаббус кўрсатганини, бу жараён ўқитувчилар розилиги асосида ҳашар шаклида амалга оширилганини маълум қилган. Шунингдек, у мактабга яқинда раҳбар сифатида тайинланганини, муассасада соғлом муҳит тўлиқ шаклланмаганини, гуруҳбозлик ҳолатлари кузатилаётганини ва дарс тақсимоти бўйича мурожаатчи томонидан эътирозлар билдирилганини баён этган.
Муҳокама якунида иш берувчи томонидан туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири вазифасини бажарувчи Р. Элчиевга интизомий жазо берилиши ҳамда 9-мактаб директори Д. Қодирбердиевнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилиши белгиланган.
Шу билан бирга, туман ҳокими Улуғбек Йўлдошевга таълим муассасаларида етарли назорат ўрнатмагани ва зарурий тарғибот-ташвиқот ишларини самарали олиб бормагани учун “ҳайфсан” интизомий жазоси берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эркинжон Турдимов IV Устозлар миллий форумида ҳақ-ҳуқуқини билмай мажбурий меҳнатга чиққан ўқитувчиларнинг ўзларини ҳам ишдан олиш кераклигини айтган эди.
Live
Барчаси