Малида жангарилар тиктокер қизни қатл этди
Олам
−
14 Ноябрь 6851 4 дақиқа
Малида “Жамоат нусрат ал-ислом вал-муслимин” (JNIM) террор гуруҳи аъзолари машҳур тиктокер, Мали армиясини жангариларга қарши курашда қўллаб-қувватлаб келувчи Мариям Сиссени ўғирлаб кетиб, намойишкорона қатл этди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, 7 ноябрь куни қуролланган одамлар гуруҳи уни Эшел қишлоғи бозори ҳудудида қўлга олган, у бу вақтда навбатдаги роликни суратга олаётган бўлган. Кейинги куни кечқурун эса уни Ниже дарёси соҳилидаги Тонка шаҳри марказий майдонига олиб келишган ва одамлар кўз ўнгида отиб ташлашган.
Сиссега олдиндан таҳдидлар бўлиб келган. Гуруҳ қотиллик учун жавобгарликни расман ўз зиммасига олмади, аммо унинг ушбу жиноятга алоқадорлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. JNIM Тонка шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда фаол ҳаракатланади. Мали армиясининг бу ерга энг яқин базаси эса 30 километр масофада жойлашган. Ҳарбийлар шаҳарга етиб келганида жангарилар аллақачон Сиссени ўлдирган ва яширинган.
Мариям Сиссe ўз ТikTok саҳифасида Мали шаҳри шимолий қисмида, дарё бўйида жойлашган она шаҳри Тонканинг кундалик турмуш тарзини тасвирлаб келарди. Бу минтақада ўн йилдан ошиқ вақтдан бери ҳукумат кучлари ҳамда JNIM гуруҳи жангарилари ўртасида уруш кетмоқда – бу “Ал-Қоида” ва ИШИДнинг маҳаллий бўлими ҳисобланади.
Ўтган йиллар мобайнида Малидaги урушга Франция ва БМТ тинчликпарвар кучлари аралашган, аммо улардан ҳеч бири жангарилар босқинини тўхтата олмаган. 2020 йилда Малида ҳокимият ҳарбий тўнтариш орқали Ассими Гоита бошчилигидаги хунта қўлига ўтган. Янги ҳукумат Ғарб (биринчи навбатда, французлар) билан ҳамкорлик қилишдан воз кечган ва Россия билан иқтисодий-ҳарбий алоқаларни йўлга қўя бошлаган. Маълум муддат жангариларга қарши ҳарбий ҳаракатларда “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси ҳам иштирок этган. Аммо 2025 йил июнда вагнерчилар “асосий вазифа бажарилгани – барча регионал марказлар қонуний ҳукумат назоратига қайтгани”ни рўкач қилиб, мамлакатни тарк этган.
Сентябрь ойига келиб эса JNIM жангарилари Малини қўшни давлатлар – Кот-д’Ивуар, Мавритания ва Сенегал билан боғловчи муҳим транспорт йўналишлари устидан назоратни қўлга олган. Улар бензин ташувчи машиналарни эгаллаб олди ва ёқиб юборди, натижада мамлакатда инқироз юз берган: ёқилғи етишмовчилиги туфайли транспорт ҳаракати деярли тўлиқ тўхтади, ўқув муассасалари ёпилди, маҳсулотлар нархлари кўтарилди, электр йўқлиги туфайли шифохоналар фаолиятида муаммолар юзага келди. Мали пойтахти Бамако эса амалда қамал ҳолатида қолди. Шаҳар ёқилиши деярли муқаррар. Бу рўй берса, Мали “Ал-Қоида” (JNIM ўзини ушбу гуруҳнинг Малидaги филиали деб атаган) назорати остига ўтган илк давлатга айланади.
АҚШ, Франция, Германия ва Италия аллақачон ўз фуқароларини Малини зудлик билан тарк этишга чақириб, расмий тавсияномалар чиқарган, улардан мамлакатдан ҳаво орқали чиқиб кетиш сўралмоқда: фуқаролар Бамако атрофидаги йўлларда ҳаракатланиш ўта хавфли эканидан огоҳлантирилган.
Сўнгги ҳфтанинг ўзида Малидa беш нафар ҳиндистонлик ва уч нафар мисрлик ўғирлаб кетилган. Иккинчи ҳолатда JNIM беш миллион доллар миқдорда товон пули талаб қилган.
Мамлакатда ҳокимиятни куч билан эгаллаб олган ва Россия ёрдамида жангариларни енгишни ваъда қилган Мали армияси эса бугунги кунда фақат бир нечта йирик шаҳарни қийинчилик билан ушлаб турибди. Ҳукумат ҳарбийлари бензин ташувчи машиналарни қўриқлаб бормоқда, аммо жангарилар барибир ёқилғи ташувига тўсқинлик қилмоқда.
JNIM аъзолари сони олти-етти минг кишига баҳоланади, шундай экан, гуруҳ амалда Малининг шимолий ва марказий қисмларидаги катта ҳудудларни узоқ вақт давомида ушлаб тура олмайди, айни вақтда улар бу ҳудудлардан ҳукумат армиясини қувиб чиққан. Натижада Малининг катта қисмида анархия ҳукм сурмоқда: ҳеч бир гуруҳда мустаҳкам ҳокимият ўрнатиш учун етарли куч мавжуд эмас.
Малидa 2012 йилдан буён давом этаётган фуқаролик уруши оқибатида ўн минглаб кишилар ҳалок бўлгани айтилмоқда – бу борада аниқ маълумот йўқ. 600 мингга яқин киши бошпанадан маҳрум бўлган. Мамлакат аҳолиси 25 миллион киши атрофида ва уларнинг барчаси доимий инқироз ва доимий ҳалокат хавфи остида яшайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистонда жангарилар автобусга ҳужум уюштириб, 9 кишини ўлдирганди.
Live
Барчаси