Ким Чен Иннинг қизи илк бор Шимолий Кореядан ташқарига чиқди. У нега Пекинда?
Таҳлил
−
04 Сентябрь 9155 7 дақиқа
Жорий ҳафтада дунё эътибори Хитойга қаратилди. Дастлаб Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, кейин эса йирик ҳарбий парад, унда қатнашган етакчилар ва намойиш этилган қуроллар муҳокамалар марказида бўлди. Бугун эса сизлар билан булар ҳақида эмас, балки шу тантаналар орасида кўриниш бериб, тилларга тушган қизча ҳақида гаплашамиз. Бу – Шимолий Корея “маликаси”, "мамлакатнинг бўлажак диктатори", деб ишониладиган 13 ёшлар атрофидаги Чжу Э.
2 сентябрь куни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Пекинга яшил рангли зирҳланган поездида етиб келиб, хитойлик расмийлар билан қўл сиқиб кўришди. Кўпчилик кузатувчилар эса унинг орқасида қора кийимда сийрак табассум билан юриб келаётган, сочи лента билан боғланган ёш қизга эътибор берди. Гап етакчининг сирли фарзанди — Ким Чжу Э ҳақида кетмоқда. У йиллар давомида турли оммавий тадбирларда, асосан, ҳарбий маросимларда кўринган. Энди эса у халқаро саҳнада дебют қилди. Унинг Пекинда пайдо бўлиши отаси келажакдаги ворисини тайёрлаётгани ҳақидаги тахминларни янада кучайтирди.
Ёш қизнинг биринчи халқаро сафари катта аҳамиятга эга — бу ерда Хитой раҳбари Си Цзиньпин ўз ҳарбий қудратини намойиш этди, отаси эса у билан ва Россия Президенти Владимир Путин билан елкадош туриб, келажакда у ҳам йўл топиши керак бўладиган ҳамкорликларнинг рамзига айланди.
Бироқ 3 сентябрдаги тадбирларда Чжу Э кўринмади — отаси ҳарбий парад учун Тяньаньмэнь майдонида қизил гиламда юраркан, қизи унинг атрофида йўқ эди.
Номаълум қиз
Шимолий Корея давлат ОАВдаги суратлардан ташқари Чжу Э ҳақида маълумот жуда оз. Унинг исми илк бор собиқ америкалик баскетбол юлдузи Деннис Родман томонидан ошкор қилинган. Родман 2013 йилда Пхеньянга ташрифида Кимнинг рафиқаси Ли Соль Чжу билан суҳбатлашганини ва чақалоқ қизни қўлида ушлаб турганини айтган.
Бироқ баъзи қочқинлар, жумладан, Кубадаги Шимолий Корея элчихонасининг собиқ дипломатик маслаҳатчиси Ри Ил-Гю унинг исми Чжу Э бўлиши мумкинлигини айтиб ўтган.
Қизалоқнинг туғилган йили ҳам баҳсли. Жанубий Корея миллий разведка хизмати 2017 йилда парламентга берган ёпиқ маълумотида Кимнинг уч фарзанди борлигини айтган: тахминан 2010 йилда туғилган ўғил, 2013 йилда туғилган қиз ва 2017 йилда туғилган яна бир фарзанд. Пхеньян эса ҳеч қачон бу маълумотларни тасдиқламаган.
Кўпчилик Чжу Э оиладаги тўнғич фарзанд деб ҳисоблайди. Масалан, Жанубий Кореянинг собиқ президенти Мун Чже Ин хотираларида 2018 йил апрелидаги саммитда Ким унга: “Менинг ҳам қизим бор, унинг авлоди ядровий қуроллар соясида яшашини хоҳламайман,” деганини ёзган. Кузатувчиларнинг фикрича, агар Кимнинг тўнғичи ўғил бўлганида, у, албатта, ўғлим деб айтган бўлар эди.
Ли Соль Чжунинг жамоат тадбирларидаги йўқолиб қолишлари ҳам қизининг туғилган вақтига ишора қилади. У 2012 йилда эрининг ёнида тез-тез кўриниш берар эди, аммо ўша йили сентябрдан кейин тахминан 50 кунга кўринмай қолган. Октябрь охирида эса у юзи ва қорни кўзга ташланадиган даражада ўзгарган ҳолда концертда пайдо бўлган. Бу ҳолат Чжу Э тахминан 2013 йил январь ойида туғилганини кўрсатади.
Пропаганда тилининг эволюцияси
Чжу Энинг 2022 йил ноябрида кутилмаган тарзда давлат ОАВда Хвасон-17 баллистик ракета синови пайтида отаси қўлидан ушлаб турган ҳолда пайдо бўлиши бутун дунёда сенсация уйғотган эди. Ўшанда у оқ куртка кийган қизалоқ сифатида намоён бўлган эди. Кейинчалик эса у давлат ОАВида кўпроқ ишончли ва нуфузли қиёфада намоён бўлиб, Ким Ир Сен майдонидаги ҳарбий парадда отаси ёнида турди, сўнгра Россия Маданият вазири иштирок этган концертда унинг ёнида ўтирди.
Чжу Энинг имижи Шимолий Корея пропагандасида ҳам босқичма-босқич ўзгарди.
- 2022 йил ноябрда у “севикли қиз” сифатида таништирилди. Бир неча кундан кейин эса уни “қадрли қиз” деб аташди;
- 2023 йил февралда ҳарбий парад ҳақидаги ҳисоботда у “ҳурматли қиз” сифатида тилга олинди;
- 2024 йил мартда эса у отаси билан бирга “йўл-йўриқ кўрсатувчи буюк шахслар” деб номланди, бу ибора аввал фақат етакчига нисбатан ишлатилар эди;
- Жорий йил май ойида Россия элчихонасидаги тадбирда эса у “энг азиз қиз” сифатида тақдим этилди.
Бундан ташқари, Пхеньян Чжу Энинг отаси билан турган ёки аскарлар билан бирга суратга тушган маркаларини ҳам чиқарди.
Қўшимча аксессуардан — марказий қаҳрамонгача
2022 йилда Чжу Энинг биринчи чиқиши отасини улуғловчи пропаганда саҳнасининг бир қисми эди. Аммо бир йил ичида у орқа фонда эмас, балки марказий қаҳрамон сифатида кўрина бошлади.
2023 йил августда Шимолий Корея денгиз кучлари қароргоҳида у қизил йўлакдан отаси билан юриб ўтди. Қизи ортида эса партия ва ҳарбий етакчилар юриб келарди. Расмий нутқ нусхаси эса ҳарбий қўмондонлар олдига эмас, балки Чжу Энинг олдига қўйилди.
2023 йил сентябрдаги ҳарбий парадда у отаси ёнидаги икки асосий ўриндиқдан бирини эгаллади. Декабрь ойида эса ҳаво кучлари куни муносабати билан чиқарилган расмий суратларда Чжу Э отасидан олдинда туриб, янада кўзга ташланди.
2025 йилда эса у дипломатияга қадам қўйди. 9 май куни Россия элчихонасида ўтказилган тадбирда у “энг азиз қиз” сифатида таништирилди. Бир ойдан кейин Россия Маданият вазири Ольга Любимова қатнашган концертда ҳам отаси ёнида ўтирди.
Ҳатто оилавий маросимлар ҳам унинг мавқеини кўрсатиш учун махсус саҳналаштирилди. Масалан, 2025 йил июнида Вонсан Калма курорт мажмуаси очилишида Чжу Энинг онаси Ли Соль Чжу 18 ойлик танаффусдан кейин илк бор омма олдига чиқди, аммо давлат ОАВлари уни қизидан бир неча қадам орқада кўрсатди. Бу эса Чжу Энинг марказий шахс сифатида тақдим этилишини янада кучайтирди.
Ворисми ёки ниқоб?
Мутаҳассислар Чжу Энинг биринчи чиқишлари орқали аниқ хабар узатилганини таъкидлаган: Шимолий Корея ядровий дастури ва қуролларидан воз кечмайди, Ким оиласи эса мамлакат ҳарбий қудратининг марказида туришда давом этади.
Сеулдаги Эхва университети профессори Лейф-Эрик Изли 2023 йилдаги параддан сўнг шундай деган эди:
“Хотини ва қизини очиқ намойиш қилиш орқали Ким ички ва ташқи кузатувчиларга оилавий сулола ва Шимолий Корея армияси бир-бирига узвий боғланганини кўрсатмоқчи.”
Маълумки, Шимолий Корея 1948 йилдан бери меросий диктатура асосида бошқариб келинмоқда: аввал Ким Ир Сен, кейин унинг ўғли Ким Чен Ир, 2011 йилдан эса Ким Чен Ин ҳокимиятда. Шу сабабли, Кимнинг қизи жамоат олдида пайдо бўлиши у ворис сифатида тайёрланаётганига ишора қилиши мумкинлиги ҳақида мунозараларга сабаб бўлди.
Айрим экспертлар унинг давлат ОАВида “севикли” ва “ҳурматли” деб аталишини унинг махсус мақоми борлигидан далолат сифатида кўришади. Ёшлигидан ҳарбий тадбирларда иштирок этиши эса унга 1,3 миллион аскарни бошқаришга тайёргарлик ва уларнинг ишончи ҳамда ҳурматини қозониш имконини бериши мумкин.
Бироқ бошқа таҳлилчилар шубҳаланишда давом этади — улар Кимнинг бошқа икки фарзанди ворис қилиб танланади, деб ҳисоблайди. АҚШдаги Стимсон маркази катта илмий ходими Жeнни Таун эса 2024 йилда Чжу Энинг чиқишларини “PR ҳаракат” сифатида баҳолаган. Унинг фикрича, Ким ўзини оилапарвар ва меҳрибон ота сифатида кўрсатиш учун уни ишлатмоқда.
У шуни ҳам таъкидлаганки, Кимнинг бошқа фарзандлари ҳали жамоатчиликка номаълум. Шу боис, Чжу Э жамоат олдида кўпроқ намоён қилиниши мантиқан тўғри, чунки унинг мавжудлиги америкалик баскетболчи орқали аввалдан очиқ бўлиб қолган. Масалан, Ким Чен Иннинг ўзи 1990 йилларда Швейцарияда таҳсил олган, аммо Тауннинг фикрича, Чжу Э учун бунинг имкони йўқ. Чунки у энди жуда машҳур. У ҳеч қачон хорижда ўқиш имконига эга бўлмайди.
Live
Барчаси