Марказий Осиёда илк бор сунъий ёмғир ёғдирилади
Олам
−
15 Май 6885 1 дақиқа
Қозоғистонда сув танқислиги муаммосини ҳал қилиш мақсадида сунъий ёмғир лойиҳаси ишга туширилади. Бу ҳақда бугун, 15 май куни Қосим-Жомарт Тўқаев БМТнинг Бутунжаҳон метеорология ташкилоти раҳбари Абдулла Ал-Мандус билан учрашуви чоғида маълум қилди.
Қозоғистон Марказий Осиёдаги сунъий ёмғир технологияларини амалиётда қўллашга ўтган биринчи давлат бўлади. Лойиҳани тўлиқ ишга тушириш жорий йил 17 майга режалаштирилган.
Ҳозирда Туркистон вилоятида БАА Миллий метеорология маркази билан ҳамкорликда ёғингарчиликни сунъий чақириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг мақсади – сув омборларидаги сув миқдорини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги ҳудудларини сув ресурслари билан таъминлашдир.
Сунъий ёмғир ёғдиришда булутларга кумуш йодид, туз ёки қуруқ муз каби моддалар сепилади. Бу моддалар сув томчиларининг бир-бирига ёпишиб, катталашишига ёрдам беради. Шундан сўнг, булут ичидаги жуда майда сув томчилари оғирлашиб, ёмғир ёки қор шаклида ерга тушади.
Бу технология фақат осмондаги мавжуд булутларга таъсир қилади. Яъни мутлақо булутсиз ҳавода ёмғир яратиб бўлмайди. Асосий мақсад – булутдаги намликдан самаралироқ фойдаланиш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида ҳам сунъий ёмғир ёғдириш технологиясини жорий этиш режалаштирилаётгани хабар қилинганди
Live
Барчаси