Марказий Осиёдаги биринчи Telegram офиси Қозоғистонда очилади
Олам
−
02 Октябрь 3010 2 дақиқа
Қозоғистонда Telegram’нинг сунъий интеллектга асосланган лабораторияси очилади. Бу ҳақда бугун, 2 октябрь куни мессенжер асосчиси Павел Дуров Остона шаҳрида ўтказилган Digital Bridge форумида маълум қилди.
Форумда Дуров томонлар янги технология устида ишлашини маълум қилган. Унга кўра, ушбу технология блокчейн ва нейротармоқларни бирлаштиради.
“Бу технология бир миллиарддан ортиқ одамга сунъий интеллект функцияларидан фойдаланиш имконини беради. Улар марказлашмаган компьютер тизими томонидан хусусий тартибда ишлаб чиқарилади”, дейди Дуров.
Қайд этиш жоиз, Дуров Digital Bridge форумидаги иштироки доирасида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан ҳам учрашгани ҳақида хабар берилганди. Улар киберхавфсизлик, таълим ва сунъий интеллект соҳаларидаги ҳамкорликни муҳокама қилган.
Бундан ташқари, Дуров кеча, 1 октябрь куни Қозоғистонда иқтидорли ўқувчилар учун мўлжалланган ва ўзи ҳомийси бўлган хусусий мактабни ҳам кўздан кечирган. Ўтган йили миллиардер 12 нафар истиқболли ўсмирнинг таълими учун 350 минг доллар хайрия қилган.
Бу Дуровнинг Қозоғистонга илк ташрифи эмас. У ўтган йил июнь ойида мамлакат ҳукуматининг таклифи билан ҳам келган. Ўшанда Қозоғистон регулятори Toncoin токени савдоларини лицензияланган платформаларда амалга оширишга рухсат берган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили октябрда Қозоғистон Республикасининг Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмика саноати вазирлиги Telegram билан вакил тайинлаш ва офис очиш бўйича келишувга эришилгани ҳақида хабар берган эди. Бу қадам контент устидан назоратни ошириш учун муҳим экани ва мамлакат фойдаланувчиларининг хавфсизлигини яхшилашга қаратилгани билан изоҳланган.