Марокашда ҳам зумерлар бош кўтарди. Улар нимадан норози? (видео)

Олам

image

Жорий йилнинг сентябрь ойи охирига келиб Марокашда “GenZ 212” ёшлар ҳаракати томонидан коррупция ва 2030 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатига тайёргарликка давлат маблағлари сарфланишига қарши кенг кўламли норозилик намойишлари бошланди. Бу ҳақда “Morocco World News” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, норозилик акциялари бошланишига Агадирдаги шифохонада туғилган 8 чақалоқнинг ўлими сабаб бўлган. Намойишлар ортидан мамлакат бўйлаб ўнлаб ҳибсга олишлар амалга оширилган. Масалан, жорий йилнинг 28 сентябрь куни Касабланкада автомагистрални тўсиб қўйган 21 нафар шахс ҳибсга олинган. 30 сентябрь куни эса Берканда 49 нафарга яқин одам, жумладан, 16 нафар вояга етмаган бола ва бир аёл қўлга олинган. Работда эса юздан ортиқ одам ҳибсга олинган. Ўша куни кечқурун Уджа шаҳридаги норозиликлар хавфсизлик хизмати ходимлари ва намойишчилар жароҳат олиши билан якунланган. Хусусан, Миллий хавфсизлик хизмати ходимларидан 32 нафари, шунингдек, беш ҳарбий ва уч фуқаро тан жароҳати олган.

“Соғлиқни сақлаш соҳасидаги дастлабки норозиликлар икки ҳафта олдин Агадирда Ҳасан II номидаги минтақавий шифохонадаги “хизмат кўрсатиш ёмонлашуви”га қарши намойиш билан бошланган”, дейилади хабарда.

Ёшлар эркинлик, ижтимоий адолат ҳамда соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида ислоҳотлар талаб қилиб, турли шиорлар остида кўчага чиқишда давом этмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1 октябрь куни Марокашнинг жануби-ғарбий қисмидаги йирик шаҳар Агадир чеккасида жандарм ходимлари бир гуруҳ намойишчиларга қарата полиция биносига бостириб кириб, қурол-аслаҳани қўлга киритишга уринганида ўқ отган. Марокаш Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, оқибатда уч киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳат олган. Вазирликнинг аниқлик киритишича, тўқнашув оқшомида жами 354 киши тан жароҳати олган, уларнинг 326 нафари хавфсизлик кучлари ходимлари бўлган. Шунингдек, 271 та хизматдаги полиция транспорти, 175 та хусусий автомобиль, шунингдек, мамлакатнинг 23 минтақасида 80 га яқин маъмурий ва тижорат объектларига зарар етказилган.

Ички ишлар вазирлиги тартибсизликларда қатнашганларнинг 70 фоизини вояга етмаганлар ташкил этишини, айрим ҳолларда уларнинг улуши 100 фоизга етганини билдирган. Вояга етмаганлар процессуал кафолатларга риоя қилган ҳолда назоратга олинган, катталар эса прокуратура қарорига асосан ҳибсга олинган. Жами 400 дан ортиқ одам қўлга олинган.

“Бизда стадионлар бор, лекин шифохоналар қаерда?” деб ҳайқиради намойишчилар.

Улар миллиардлаб маблағларнинг 2026 йилги Африка Миллатлар Кубоги ва 2030-йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатига тайёргарликка йўналтирилаётгани, ижтимоий соҳаларга эса етарли сармоя қилинмаётганини танқид қилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги норозилик билдириш ҳуқуқи қонун доирасида таъминланишини маълум қилган, бироқ ҳуқуқ-тартибот кучлари “фуқаролар хавфсизлигига ва инфратузилма объектларига таҳдидга йўл қўймаслигини” билдирган.

Қайд этиш жоиз, ҳозирги норозилик тўлқини 2016-2017 йиллардан бери энг йириги бўлмоқда. Ўшанда мамлакатнинг шимолидаги Риф минтақасида тўқнашувлар юз берган эди. Мутахассисларнинг фикрича, ҳозирги норозиликлар бир неча омиллар уйғунлигидан келиб чиқмоқда: соғлиқни сақлаш тизимининг заифлиги, ёшларда ишсизлик даражасининг юқорилиги (расмий маълумотларга кўра, 35 фоиз), ижтимоий тенгсизлик ва спорт лойиҳаларига маблағ сарфланишидан, ижтимоий соҳаларга эса камроқ эътибор қаратилишидан келиб чиққан норозилик.

Маълумот учун, ЖЧ-2030 – FIFA футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг финал босқичи 2030 йил ёзида ўтказилиши керак. Халқаро федерация мезбон сифатида Испания, Португалия ва Марокашни тасдиқлаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20-21 сентябрь кунлари Перу пойтахти Лима шаҳрида пенсия ислоҳотидан норози бўлган зумерлар оммавий намойишлар ўтказганди. “Z-авлод Президент Дина Болуартега қарши” шиори остида бошланган акциялар давомида намойишчилар Президент истеъфоси, парламент тарқатиб юборилиши ва муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини талаб қилганди.

Ундан олдинроқ эса Непалда ҳам “Z-авлод инқилоби” юз берганди. Бунга мамлакатдаги йирик ижтимоий тармоқлар ва ОАВ фаолияти чеклангани сабаб бўлди. Намойишлар чоғида бош прокурор идораси ва пойтахт туман суди биносига ҳужум қилинди. Улар Молия вазири Прасад Паудални дўппослаб, кейин собиқ бош вазир Шер Баҳодир Деубанинг уйига бостириб кирди. Уни ҳам, Ташқи ишлар вазири бўлган рафиқаси Арзу Рану Деубани ҳам калтаклади. Ушбу намойишлар ортидан мамлакат парламенти тарқатиб юборилди ва Президент ва ҳарбийлар билан келишган зумерлар Олий суднинг собиқ раиси Сушила Каркини муваққат ҳукумат раҳбари этиб сайлади.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция Марокаш норозилик зумерлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг