Мексикалик модель қаерга ғойиб бўлди: каннибализм ҳақиқатлари
Таҳлил
−
15 Февраль 246963 6 дақиқа
2009 йил 3 август оқшомида ёш модель Габриэла Рико Хименес Мексиканинг Монтеррей шаҳрида жойлашган ҳашаматли меҳмонхона ёнидаги кутилмаган нутқи билан ҳамманинг эътиборини тортди. Гап шундаки, модель дунёнинг элита қатлам вакилларини даҳшатли жиноят – каннибализмда айблаётган, ўзи эса шахсига номуносиб тарздаги бир кўринишда эди. Габриэла ўзи таклиф қилинган базмда элита вакиллари томонидан одам гўшти ейилганини иддао қилган.
“Улар инсонни еди. Улар инсонни еди. Мен бехабар эдим. Мен озодликни хоҳлагандим”, дея йиғлаб бақирган модель.
Кўп ўтмай уни полиция ходимлари олиб кетган ва шундан кейин модель Габриэла Рико Хименесни ҳеч ким кўрмаган. Аммо ҳолат акс этган тасвирлар ҳамон ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилинади. Ўшанда моделнинг кучли наркотик таъсирида бўлгани ва даволаниш учун руҳий шифохонага ётқизилгани ҳақидаги фикрлар ҳам мавжуд. Аммо кўпчилик уни “йўқоттирилган” деб ҳисоблайди. Ушбу икки қараш ҳам ўз исботини топмаган. Лекин ягона факт шуки, ўшандан буён Габриэла ҳақида ҳеч қандай янги маълумот мавжуд эмас. Хўш, модель иддао қилаётган каннибализм ўзи нима? Одам одам гўштини истеъмол қилиши қанчалик ҳақиқатга яқин?
Мазкур мақолада машҳур австралиялик антрополог Ширлей Линденбаумнинг илмий тадқиқотлари асосида каннибализм ҳақидаги бир қанча маълумотлар келтирилади. Тадқиқотга кўра, инсоният тарихи каннибализм билан “безатилгани”ни инкор этиб бўлмайди. Турли жамоаларда каннибализм турлича ғоялар асосида амалга оширилади. Масалан, баъзилар аждодлар руҳлари билан бирлашиш учун қариндошлари жасадини истеъмол қилади; баъзилар уруш шароитида душманларини ейиш орқали ғазабларини кўрсатади, баъзилар эса вафот этган қариндошига “кириб олган касаллик, сеҳр ва ёвуз руҳларни жазолаш учун” унинг жасадини истеъмол қилади. Археологлар каннибализм аслида узоқ тарихда кўпгина халқлар орасида мавжуд бўлган деган фикрни олға суришади. Ўтган асрда антропологлар томонидан каннибализмнинг Папуа-Янги Гвинея, Жанубий Америка ва Африкада мавжудлиги ҳақидаги ҳужжатлаштирилган ҳисоботлар эълон қилинди.
Тадқиқотлар натижасида 1500 дан ортиқ турдаги тирик жонзотларда каннибализм кузатилгани аниқланган. Яъни каннибализм фақат инсон гўштини истеъмол қилишни англатмайди, у янада кенгроқ тушунча бўлиб, ҳайвонларнинг ҳам ўз турдошлари гўштини истеъмол қилишини ифодалайди. Антропофагия атамаси юнонча anthropophagia (“инсон ейиш”) сўзидан олинган бўлиб, айнан инсонлар каннибализмига нисбатан ишлатилади.
Тарихи

Каннибаллар ҳақидаги дастлабки маълумотлар қадимги Юнонистон ва Рим даврларига тўғри келади, асарларда улар кўпинча дунёнинг ўрганилмаган жойларидаги ҳайвонга ҳам, инсонга ҳам ўхшаш афсонавий мавжудотлар сифатида тасвирланган. Масалан, милоддан аввалги 800 йилларда яратилган “Одиссея” достонида кемаларни чўктирган баҳайбат каннибаллар қабиласи тасвирланган. Бундан ташқари, “тарих отаси” Геродот ўзининг “Тарих” асарида дунёнинг чеккаларида яшаган одамхўр халқлар ҳақида ёзган. Каннибаллар билан реал учрашувлар ўрта асрларда бошланган. Христофор Колумб 1492 йилда ўзининг Антил оролларига қилган сафарида ўша ерлик туб аҳоли – карибларни инсон гўшти истеъмол қилувчилар сифатида тасвирлаган ва каннибал атамаси айнан шу қабила номидан келиб чиққан. Бироқ замонавий тарихчилар каннибализм мавжудлигини инкор этмаган ҳолда Колумбнинг бу иддаоси сиёсий ва диний мақсадларда бўрттирилган ҳикоя бўлиши мумкинлигини таъкидлашади. Чунки Европаликлар баъзан янги ерлардаги аҳолини “ваҳший” сифатида кўрсатиш орқали уларни босиб олиш ва назорат қилиш ҳаракатларини оқлашга уриниб келган.
Каннибаллар қаерларда учратилган?
Папуа-Янги Гвинея. 1922 йилдан 1943 йилгача ҳукумат антропологи сифатида фаолият юритган Фрэнсис Эдгар Уильямс ўша пайтда Австралия бошқарувида бўлган Янги Гвинеядаги инсон каннибализми ҳақида этнографик маълумотларни биринчилардан бўлиб чоп эттирган.

Ҳудуддаги қабилалардан бири Орокайва (Orokaiva) агрессив, жанговар халқ бўлиб, тез-тез босқинчилик жангларини уюштириб турган ва мағлублар гўштини истеъмол қилган. Муаллиф фикрича, бунга яхши овқатга бўлган оддий истак сабаб бўлган. Шунингдек, Кераки (Keraki) жанговар қабиласи ҳам қўшниларга уюштирилган “муваффақиятли” ҳужумлардан қайтгач, зиёфатлар қилишган. Бундай тантаналар бошқа қабила келиб, уларни ҳам паққос туширмагунларича давом этган.
1930 йилларнинг бошларида Янги Гвинея тоғларида яшовчи илгари номаълум бўлган бир миллионга яқин одамлар топилди. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тинчлик муҳити антропологларга дунёнинг ўрганилмаган минтақаларида тадқиқотлар ўтказиш имкониятини берди. 1960 йилларда Папуа-Янги Гвинеяда миссионерлар ёрдами билан қабила аҳли ўртасида каннибализмга нисбатан нафрат уйғотишга эришилгач, бу амалиёт кескин камайди ва деярли йўқолди.

Жанубий Америка. 1550 йилда немис денгизчиси Ханс Штаден Тупи ҳиндулари (Tupi Indians) томонидан асирга олинган ва бу ҳақда “Асирликдаги ҳақиқий тарих” асарини ёзган. У ҳиндуларнинг кундалик ёввойи ҳаётлари ҳақида, шунингдек, каннибализмнинг гувоҳи бўлгани ва бир неча марта ўзини навбатдаги қурбон деб ўйлаганини маълум қилган. Жанубий Америкадаги каннибализмнинг асосий мақсади жасадни йўқ қилишдан ташқари, тириклар ва ўликлар руҳлари ўртасидаги алоқани узиш бўлган ва дафн маросимларининг бир қисми сифатида кўрилган.

Африка. Африкадаги каннибаллар ҳақидаги дастлабки маълумотлар XVI аср савдогар, тадқиқотчи ва миссионерлар қўлёзмаларида учрайди. Бироқ замонавий африкаликлар аждодларининг одамхўр бўлгани ҳақидаги фикрларни кескин рад этади ва буни шунчаки стереотип деб атайди. Уларнинг фикрига кўра, каннибализм даъвоси одамларга таҳдид қилиш учун ишлатиладиган кучли сиёсий қурол усули ҳамдир.
Каннибализм ҳозир ҳам мавжудми?

Кўпинча ижтимоий тармоқларда қабила шаклида яшовчи баъзи одамларнинг каннибаллар экани ҳақидаги иддаоларни учратамиз. Ҳиндистонлик саёҳатчи блогер Дҳераж Мина Индонезиянинг тарихан каннибализм билан шуғулланган ва ҳозир ҳам шундай деб қараладиган Короваи (korowai) қабиласига экскурсия уюштирди. Унинг қабила урф-одатлари ва ўтмишдаги анъаналари ҳақида маълумот берган видеолари миллионлаб марта томоша қилинди. Индонезиянинг қалин ўрмонларида яшовчи Короваи қабиласи асрлар давомида якка ҳолда яшаб келмоқда ҳамда овчилик, теримчилик ва балиқ ови билан кун кечиради. Саёҳатчи Минанинг тушунтиришича, қабила аҳли ўз урф-одатларига кўра, кийим киймайди, эркаклар ва аёллар алоҳида уйларда яшайди. Шунингдек, Мина қабила аҳлидан тарихий каннибалистик амалиётлари ҳақида ҳам сўраган. Қабила аъзоларидан бирининг айтишича, қабилалараро низолар кўп бўлган пайтда унинг аждодлари одам гўштини истеъмол қилган ва энг охирги амалиёт 16 йил олдин бўлган. У ҳозирда бундай одат умуман мавжуд эмаслигини билдирган.
Инсонлар орасида каннибализм (антропофагия) содир этилганига инкор этиб бўлмас далиллар мавжуд бўлса-да, ташқи дунё билан алоқа ва бошқа бир қанча факторлар натижасида ҳозирда бу амалиётни бутунлай йўқолган дейиш мумкин, гарчи уларнинг ҳаёт тарзи ҳамон ибтидоий шаклда давом этаётган бўлса ҳам. Очиғини айтганда, каннибализм билан боғлиқ саволлар ҳамон баҳслар марказида. Мексикалик моделнинг иддаолари (замонавий дунёда ҳам антропофагия мавжудлиги) ва унинг ғойиб бўлиши каби саволлар эса ўз жавобини топиши мушкул.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь