“Мен буни кутмагандим”. Ташиев истеъфоси ҳақида фикр билдирди
Олам
−
10:24 19469 2 дақиқа
Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг фармони билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарлигидан бўшатилган Қамчибек Ташиевнинг баёноти эълон қилинди. Бу ҳақда бугун, 11 февраль куни журналист Нургази Анорқуловага таяниб, “Kaktus Media” хабар берди.
Таъкидланишича, Ташиев соғлиғидаги муаммо сабабли Президент рухсати билан Германияга даволаниш учун борган. Бу учун ишдан олингани ҳақидаги қарор кутилмаган бўлган.
“Қандай бўлмасин, биз Президент қарорига бўйсунамиз. Мен давлатимизга, халқимизга ва Президентимизга шараф билан хизмат қилдим ва бундан фахрланаман. Шахсий таркиб билан хайрлашиш имконияти берилмагани мени бир оз хафа қилди”, деган собиқ раҳбар.
Шунингдек, Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимларига миннатдорлик билдириб, уларнинг кейинги фаолиятига муваффақият тилаган. У мамлакатда тинчлик ва барқарорлик сақланиши зарурлигини таъкидлаб, барча ҳаракатлар қонун доирасида бўлиши кераклигини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев истеъфога чиқарилгани, унинг ўрнини эса ўринбосари Жумгалбек Шабданбеков эгаллагани ҳақида хабар берилган эди.
Садир Жапаровнинг матбуот котиби Аскат Алагозов мазкур ўзгаришлар юзасидан баёнот берган. Унинг айтишича, Садир Жапаровнинг ушбу қарори давлат манфаатлари йўлида, жамиятда, жумладан, давлат тузилмалари ўртасида бўлинишнинг олдини олиш ва аксинча, бирликни мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинган. Шунингдек, Ташиевнинг яна уч нафар ўринбосари ҳам лавозимидан озод қилинган.
Қайд этиш жоиз, сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак президентлик сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Жамшидбек Амиров
Live
Барчаси