Алла Пугачёва Путинга қарши, “Толибон” Шимолий Кореяга айланмоқчи – Midweek
Таҳлил
−
18 Сентябрь 10139 12 дақиқа
Афғонистонда аёллар ўз ҳаққини талаб қилиб, бош кўтарди. “Толибон” эса уларни калтаклаб, тарқатиб юборгани айтилмоқда. Айни дамда эса мамлакатнинг 6 вилояти интернетдан узилган. Охундзода Ким Чен Ин режимининг “ҳадисини олган” кўринади.
Рамзан Қодиров примадонна Алла Пугачёвани хоин деб атади. Чунки Алла Борисовна ўзининг яқинда чиққан интервьюсида Рамзан учун унчалик ёқимли бўлмаган тарих ҳақида сўз очганди.
Жо Байден пулга мухтож. Унинг харажатлари даромадидан ошиб кетган. Ипотека қарзлари, ўғлининг суди, қизининг ажрими ва ўз соғлиғи учун пул топишда собиқ президент қийналётгани айтилмоқда.
Зеленский Трампни аниқ бир позицияга ўтишга чақирди. У икки ва уч томонлама учрашувга ҳеч қандай шартларсиз тайёр эканини яна бир бор такилади.
Жорий ҳафта ўртасига қадар дунёда содир бўлган шу куби муҳим воқеа-ҳодислар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Midweek дастурида танишинг.
“Толибон” Шимолий Кореяни “ёқиб олди”
“Толибон” бошқаруви остидаги Афғонистонда аёллар яна бир бор намойишга чиқди. “Amu TV”нинг хабар беришича, 16 сентябрь куни юзлаб нафақахўр аёллар Қобулдаги “Толибон” муваққат ҳукумати томонидан бошқариладиган нафақа идораси олдида йиғилиб, кечиктирилган нафақа пулларини талаб қилиб, намойиш ўтказган. Улар камида бешта давлат муассасаларидан, жумладан, собиқ Таълим вазирлиги ва тарқатиб юборилган Афғонистон парламенти вакилларидан экани айтилмоқда. Ҳодиса гувоҳларининг айтишича, ушбу нафақа ёшидаги аёллар “Толибон” қўриқчилари томонидан куч билан тарқатиб юборилган, баъзилари эса калтакланган. Улар “Толибон” ҳокимиятга келганидан бери оилаларининг оғир иқтисодий аҳвол туфайли кўп маротаба шикоят қилган, кексаларнинг кўпчилиги бир неча ой давомида нафақасиз қолган.
Мазкур воқеадан кўп ўтмай, Афғонистондаги муваққат ҳукумат 24 соат ичида олтита вилоятни интернетдан узгани айтилмоқда. Маълумотларга кўра, Балх, Қандаҳор, Ҳилманд, Ҳирот, Урузгон ва Нимроз каби ҳудудлар аҳолиси интернетдан маҳрум қилинган ва “Afghan Telecom” давлат компанияси томонидан кўрсатиладиган оптик толали хизматлар тўхтатилган.
Чекловлар аҳоли ўртасида хавотир уйғотган, уларнинг таъкидлашича, Қобулдаги интернет хизмат кўрсатувчи компания оптик толали интернетни тахминан 20 кун олдин тўхтатган. “Толибон” муваққат ҳукуматининг Балхдаги матбуот котиби эса бу тақиқ тўғридан тўғри “Толибон” олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода томонидан берилганини маълум қилган. Ундан кўзланган мақсад эса ахлоқсиз хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш экани таъкидланган.
Бироқ расмий эҳтиёжлар учун муқобил ички тармоқ яратилиши айтилмоқда. Бундай тизим қайси давлатда борлиги кўпчиликка аён. Бу Шимолий Корея. Глобаллашган дунёда ахборот асри ҳукм сурар экан, Марказий Осиёнинг ёнида интернет масаласида янги “Шимолий Корея” пайдо бўлаётгани ачинарли. Ҳозирча бундай чоранинг аёллар ўтказган намойишга алоқаси бор ёки йўқлиги номаълум. Аммо тан олиш керак, Афғонистонда “Толибон” ҳокимият тепасига келгандан буён у ердаги аёлларга нафас олишдан бошқа ҳамма нарса чекланиб келмоқда.
Келинг, бир бошдан бошлаймиз:
- 2021 йил 17 сентябрь куни “Толибон” муваққат ҳукумати ўрта мактабларни фақат ўғил болалар учун қайта очишга қарор қилди. Улар шу тариқа қизларнинг ўрта таълим олиш ҳуқуқини амалда ман этиш орқали ўзининг узундан узун мантиқсиз ва ақлга сиғмас чекловларини бошлаб юборди.
- Орадан бир йил ўтиб аёлларнинг истироҳат боғларига бориши ҳам тақиқлаб қўйилди.
- 2022 йилнинг охирига келиб, Афғонистондаги барча маҳаллий ва хорижий ноҳукумат ташкилотларда аёл ходимларнинг ишлаши ман этилди.
- 2023 йилнинг бошида эса “Толибон” раҳбарияти мамлакатдаги аёллар учун гўзаллик салонларини ёпишни буюрди.
- “Толибон” вакиллари аёлларга савдо марказларида ишлашни ҳам тақиқлади.
- 2023 йилнинг 10 апрель куни Ҳирот вилоятида оилалар ва аёлларга боғлари ёки яшил ҳудудлари бўлган ресторанларга кириш ҳам тақиқланди.
- Ўша ойда Таҳор ва Бағлон вилоятларида Рамазон ҳайити вақтида аёлларнинг сайр қилишини тақиқлаш ҳақида ҳам қарор чиққанди.
- 2024 йил сентябрь ойида “Толибон”нинг эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги аёлларга сотувчилар билан савдолашиш тақиқлади.
- 2024 йилнинг 28 октябрида “Толибон” аёлларга нафақат эркаклар, балки бошқа аёллар билан ҳам очиқчасига гаплашишни тақиқлаганди.
Шундай қилиб, “Толибон” муваққат ҳукумати аёллар учун чек-чегарасиз тақиқлар жорий қилиш орқали дунё ҳамжамияти, хусусан, Ўзбекистон томонидан унинг тан олиниши учун асос бўладиган талабларни мутлақо тескарисини бажариб келди. Бу эса унинг бутун дунёда давлат ва янги ҳукумат сифатида тан олинишига улкан тўсиқ бўлиб турибди.
Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев ҳам QALAMPIR.UZ'га берган интервьюсида муваққат ҳукумат БМТ талабларини тўлиқ бажармагунича ва аёлларга нисбатан тўсиқларни тўхтатмагунча унинг де-факто ҳукумати Ўзбекистон томонидан расмий тан олинмаслигини айтган. Аммо шу кунгача “Толибон”ни тан олган давлат топилди. Бу – Россия. Айни дамда "Толибон" вакиллари, асосан, Пекин ва Москва томонидан қўллаб-қувватлаб келинади.
Рамзан Примадоннага тош отди
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Украинадаги босқинни ва Россия расмийларини танқид қилган қўшиқчи, “Примадонна” номи билан бутун постсовет мамлакатларида ўта улкан машҳурликка эга бўлган Алла Пугачёвани “халқ душмани ва сотқин” деб атади. Унинг бу ҳужуми ўз-ўзидан бўлмади. Яқинда, аниқроғи 10 сентябрь куни тармоқларга жойланган журналист Катерина Гордеевага берган интервьюсида Пугачёва Жоҳар Дудаевни мақтаганди.
У ким дейсизми? Дудаев 1991 йилдан 1996 йилгача Чеченистон президенти бўлган ва ҳудуд мустақиллиги учун Россия билан кураш олиб борган. У Чеченистонни мустақил деб эълон қилган ва Ельцин ҳукумати билан узоқ курашган. 1996 йилнинг апрель ойида руслар томонидан ўлдирилган. Қизиғи, Рамзан Қодировнинг ўзи 1994-1996 йиллардаги Чеченистондаги биринчи урушда, яъни Дудаев қўл остида Россияга қарши мустақиллик учун кураш олиб борган. Унинг отаси Аҳмат Қодиров Чеченистон муфтийси ва Дудаевнинг сафдошларидан бири бўлган. Бироқ кейинчалик ўйин қоидлари ўзгарган ва ота-ўғил Россия томонига ўтиб кетган. Пугачёва интервьюда айнан ўша Дудаевни “одобли, ақлли, келишган одам” эканини айтди. Пугачёва интервьюсида бошқа нарсалар қатори биринчи Чечен урушини ҳам тилга олди.
“Биринчи Чечен урушини жуда яхши эслайман, чунки мен Жохар Дудаевни таниганман. У нақадар одобли ва ҳурматли, ақлли, келишган одам эди. Хотини ҳам қандай яхши аёл. Рассом, ёзувчи, сиёсатчи. У мен ёрдам бера олишимга ишониб, менга қўнғироқ қилди. Лекин қандай ёрдам бера олардим? Ҳеч нарса қилолмасдим. Энди унга салом йўллашга ҳам уяламан”, деди қўшиқчи.
Қодиров эса Пугачёва: “Чечен халқи учун энг оғир давр ҳақида аҳмоқона фикр юритди”, дея таъкидлади. У, шунингдек, ўзи олдин хизмат қилган Дудаевни ҳам танқид қилиб, уни “чечен халқи муаммоларига эътибор бермаганлик”да айблади ва шу билан бирга, 1994 йилда Чеченистондаги урушни “Березовский ва Пугачёвага ўхшаган хоинлар” бошлаганини даъво қилди.
Пугачёва эса ўзининг янги интервьюсида Украинадаги босқинга яна бир тўхталиб, уни ёқламаслигини билдирди. У, шунингдек, турмуш ўртоғи Максим Галкин “хорижий агент” деб тан олинганидан кейин Россияни тарк этишга мажбур бўлганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Алла Пугачёва мамлакатни тарк этганди. Исроилга жўнаб кетганидан кейин у бир неча бор Россияга қарши позициясини яширмаган ва хорижий агент сифатида тан олинган эри Максим Галкинни омма олдида қўллаб-қувватлаган. Айни дамда эса у Латвияда истиқомат қилмоқда. Катерина Гордеева билан суҳбат хонанданинг Россиянинг Украинага босқини бошланганидан бери биринчи йирик интервьюси бўлди. Бир неч кун ичида у 20 миллиондан ортиқ кўрилди. Шунинг ўзи ҳам “Примадонна” ҳали ҳануз Россияда жуда катта таъсирга эга эканлигидан далолат беради.
Байден пулга муҳтож
АҚШда собиқ Президент пулга муҳтож бўлиши замонавий дунё учун кутилмаган янгилик бўлмоқда. Чунки президентлик постини тарк этгандан сўнг, Қўшма Штатларда собиқ давлат раҳбарига бериладиган йиллик нафақа нормал ҳаёт учун етиб ортади. Бундан ташқари, АҚШ собиқ президентлари мемуарлари ва пуллик нутқлари билан ҳам ўзларининг "гламур" ҳаётини давом эттириши мумкин бўалди. Аммо Жо Байден бундан мустасно. Айни дамда унинг шароити унчалик ҳам яхши эмаслиги айтилмоқда.
“The Wall Street Journal” нашри Байден президентлик муддати тугаганидан кейин оддий ва тежамкор ҳаёт тарзини олиб бораётгани ҳақида хабар берди. Чунки 82 ёшли сиёсатчи бошқа собиқ президентлар даражасида даромад топа олмаяпти. Бунга унинг ёши, машҳурлигининг пасайиши ҳамда компаниялар уни пулли маърузалар учун таклиф қилишни истамаслиги сабаб бўлмоқда.
Байденнинг асосий даромадлари хотира китобидан келадиган 10 млн доллар ва йилига унга ажратиладиган 416 минг долларлик нафақадан иборат. Пулли маърузалар унга 300–500 минг доллар келтириши мумкин эди, аммо бундай таклифлар жуда кам, деярли йўқ деса ҳам бўлади. Масалан, Барак ва Мишель Обамалар ўз мемуарлари учун 60 млн доллар олган. Обаманинг маърузаларига қизиқиш ҳали ҳам юқори даражада.
Бироқ президентлик мандати пайтидаёқ когнитив камчиликлари кўрина бошлаган ва ментал қобилияти катта шубҳа остига олинган Байденнинг харидорлари йўқ. Албатта, омма олдида ҳеч ким йўқ нуқта билан қўл бериб кўришмоқчи бўлган ва шунга ўхшаш ғалати ҳаракатларни кўп бор такрорлаган сиёсатчидан айни пайтда қандай маъруза қобилияти қолган бўлиши мумкин? Бутун дунё у Оқ уйдаги фаолиятининг катта қисмида ва турли тадбирларда рафиқаси Жилл Байден ва собиқ вице-президент Камала Ҳаррис томонидан судраб юрилганига гувоҳи бўлди.
Бугун у дуч келаётган молиявий қийинчиликларга қайтадагина бўлсак, Байден жуда катта харажатлар қилишга мажбур бўлмоқда. У 2,7 млн доллар турадиган уйининг ипотекасини тўлаши керак. Етмаганига бу йил АҚШда мулк солиғи 20 фоизга ошган. Шунингдек, у ўғли Хантернинг суд жараёнларини молиялаштиришга ёрдам бериб, қизи Эшлига ажрашиш жараёнида ҳам кўмак бераётгани айтилмоқда.
NBC News хабарига кўра, Байден кутубхона қурилиши учун маблағ йиғишда ҳам қийинчиликларга учрамоқда. Пенсильвания университети унинг президентлик кутубхонасини жойлаштиришдан бош тортган, оиланинг суратлар ва китоблардан тушадиган даромади камайган, тиббий харажатлар эса онкологик даволаниш билан боғлиқ. Бу ҳам камдек, сал аввал Жо Байден саратон ҳужайраларини олиб ташлаш учун операция қилинганди. Операция тери саратонига қарши курашишда жуда самарали ҳисобланган “Мооса” усули ёрдамида амалга оширилган. Ҳозирда у Делавэр университети қошида президентлик марказини ташкил этишга ҳаракат қилмоқда, аммо маблағ йиғиш секин кечмоқда.
Байденнинг рафиқаси Жилл Байден эса йилига 100 минг доллар маош тўланадиган ўқитувчилик ишидан кетиб, аёллар саломатлиги бўйича бепул дастурга раҳбарлик қилмоқда. Манбаларнинг таъкидлашича эса, Байден оиласи ҳашаматли ҳаёт тарзини ёқтиради ва улар шунга ўрганган. Айниқса, харажатларни бошқалар кўтарса, улар учун айни муддао экани танқид қилинмоқда.
Зеленский Трампни “ликкилламасликка” чақирди
Зеленский, Путин ва Трамп учрашуви яна кун тартибига қайтди. Аммо аввал АҚШ ва Украина еткачилари ўзаро учрашиб олишади. Бу БМТнинг навбатдаги ассамблеяси фонида бўлиши кутилмоқда. Буни Рубио Исроилга ташрифи чоғида маълум қилди. Зеленский эса бу учрашув олдидан Трампдан хавфсизлик кафолатлари бўйича аниқ жавоб олишни кутмоқда. У “Sky News” телеканалига берган интервьюсида Трампни Россияга қарши санкциялар ва Украина учун хавфсизлик кафолатлари бўйича “аниқ позиция”ни эгаллашга чақирди. Зеленский бу кафолатлар доирасида, асосан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини олишни истамоқда.
Шунингдек, у АҚШ Россияга қарши санкциялар қўллашини ҳам кутмоқда. Украина раҳбари Европа аллақачон Россияга қарши 18 та санкция пакетини жорий қилгани, бунга эса Қўшма Штатларининг кучли чекловлари етишмаётганини айтди. Зеленский ушбу интервью давомида Россия ва АҚШ Президентлари билан ҳеч қандай шартларсиз учрашишга тайёрлигини яна бир эслтади. Икки ёки уч томонлама-ми, ҳозирча унга фарқи йўқ. У шунчаки музокараларни бошлашни хоҳламоқда.
Энди бу борада Трампнинг ҳам ўзича ҳақиқатлари бор. Масалан, у Россия Президентининг можарога барҳам беришга тайёрлигини шубҳа остига олди. Унинг огоҳлантиришича, агар Украина можаросини ҳал қилишда олдинга силжиш бўлмаса, Қўшма Штатлар Россия иқтисодиётига “санкция зарбасини” беради. Янги чора-тадбирлар пакети банкларга, нефть секторига ва учинчи давлатлар билан савдога босим ўтказишни ўз ичига олади. Аммо Трамп бу гапларини бугун гапираётгани йўқ. У бу масалада мана шундай таҳдидлардан нарига ўта олмаяпти. Аляскага ташриф орқали Владимир Путин уни оғзини узоқ муддатга ёпиб кетди. Аммо орадан мана анча вақт ўтиб, Россия еткачиси музокараларни яна пайсалга солаётгани Трампнинг ёдига тушиб қолди.
Бундан ташқари, у Европа ва НАТО томонидан ҳам қатий қадамлар ташланишини кутяпти. Хусусан, АҚШ Президенти НАТОнинг барча аъзолари Россиядан нефть сотиб олишни тўхтатса, АҚШ ҳам Россияга қарши жиддий санкциялар қўйишга тайёрлигини маълум қилди. У альянснинг баъзи аъзолари Россия нефтини сотиб олишда давом этаётганидан ҳайратланишини билдирди. Трамп ўзининг мазкур ёндашувини сентябрь ойи бошидаёқ очиқлаганди. У ўшанда Европа етакчилари билан видеоселектор йиғилиши чоғида уларни Россия нефтини сотиб олиш орқали Украинадаги “урушни молиялаштираётганликда” айблаб, Москвани ушбу даромад манбаидан узиб қўйишга, шунингдек, бу борада Хитойга ҳам босим ўтказишга чақирган эди.
Ғарб эса Россия босқинини қанча тез тўхтатса, шунча кўп пулни тежаб қолади. Чунки Украинага босқин келаси йилда ҳам давом этадиган бўлса, Украинани молиялаш Европа давлатларига жуда қимматга тушади. Бу, айниқса, АҚШ текин донор ролидан чиққан пайтда улар учун янада оғриқли бўлади. Масалан, Украинадаги можаро давом этса, Киевга 2026 йил учун ҳарбий харажатларга камида 120 млрд доллар керак бўлиши айтилди. Бундай тахминий суммани айтган Украина Мудофаа вазири Денис Шмигаль уруш тугаган тақдирда ҳам, мамлакатга яна шунча миқдрода пул керак бўлишини ҳам қўшимча қилди. У, шунингдек, Украина етарли даражада ҳарбий техника ишлаб чиқара олмаётганини қайд этган.
Вазирнинг фикрича, Украина Ғарбдаги ҳамкорларидан техника ва қурол-яроғ, шунингдек, Россияга қарши кучли иккиламчи санкцияларни сўрамоқда.
Маълумки, Украинага анчадан буён ёрдам ажратилади. 9 сентябрь куни Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Кая Каллас Европа Иттифоқи 2022 йилда Россия-Украина можароси бошланганидан бери Киевга қарийб 169 млрд евро ёрдам кўрсатгани, шундан 63 млрд евродан кўпроғи ҳарбий ёрдамга ажратилгани ҳақида айтганди. Калласнинг сўзларига кўра, биргина 2025 йилнинг ўзида ЕИ мамлакатлари 25 млрд евро ажратиб бўлди ва режалаштирилган 2 млн ўқ-дорининг 80 фоизи етказиб берилган.
Live
Барчаси