Мигрантлар бўлмаса, Ўзбекистоннинг ҳолига вой – Жаҳон банки
Жамият
−
07 Март 20825 4 дақиқа
Агар мигрантларнинг пул ўтказмалари бўлмаса, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 6,9 фоиздан 16,8 фоизга ошиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон банки тақдим этган Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги миграция масалалари бўйича тадқиқотда сўз боради.
Жаҳон банки Европа ва Марказий Осиё (ЕМО) минтақасидаги миграциянинг замонавий тенденциялари, муаммолари ва имкониятлари таҳлилини ўз ичига олган янги тадқиқотни тақдим этди. Ҳисобот тақдимотида ташқи миграцияни тартибга солиш учун масъул давлат органлари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан экспертлар иштирок этган.
2023 йил ҳолатига кўра, тожикистонлик ва қирғизистонлик меҳнат муҳожирларининг 80 фоиздан ортиғи Россияга йўл олган. Ўзбекистонлик муҳожирлар оқими кўпроқ диверсификацияланган: 57 фоизи Россияда, 15 фоизи Қозоғистонда ва 10 фоизи Украинада ишлайди.
Марказий Осиё мамлакатларида меҳнат миграцияси миллионлаб фуқаролар учун асосий даромад манбаларидан бири бўлиб қолмоқда. 2024 йил ҳолатига кўра, меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг 45 фоизини ташкил этган – бу нисбий маънода дунёдаги энг юқори кўрсаткич. Қирғизистонда пул ўтказмаларининг ЯИМдаги улуши 24 фоизга, Ўзбекистонда эса 14 фоизга етган.
Ушбу мамлакатлардан келган муҳожирлар чет элда ишлаш орқали ўз даромадларини икки ёки уч баравар оширишлари мумкин, бу эса уларнинг оилалари турмуш даражасини сезиларли даражада яхшилайди. Хусусан, Қирғизистонда пул ўтказмалари оладиган уй хўжаликлари орасида камбағаллик даражаси 10 фоиздан кам, уларсиз эса 50 фоиздан ошган бўларди. Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонга пул ўтказмалари бўлмаганда мамлакатдаги камбағаллик даражаси 9,6 фоиздан 16,8 фоизга ошиши мумкин.
Жаҳон банкининг “Олдинга йўл: Европа ва Марказий Осиё минтақасида муваффақиятли миграцияни қўллаб-қувватлаш” ҳисоботида ЕМО минтақасидаги миграция тенденциялари ва уларнинг давлат сиёсатига таъсири атрофлича таҳлил қилинган. У аҳолининг трансчегаравий мобиллигининг афзалликлари ва муаммолари бўйича янада мувозанатли ва далилларга асосланган мунозараларни шакллантиришга ҳисса қўшади.
“Оқилона бошқарув йўлга қўйилса, миграция ЕМО минтақасидаги ижтимоий-демографик номутаносибликларни бартараф этишнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бироқ унинг иқтисодий салоҳиятидан ҳали тўлиқ фойдаланилмаяпти”, дейилади ҳисоботда.
Миграцияни самарали тартибга солиш ва унинг афзалликларини адолатли тақсимлашда халқаро мувофиқлаштириш муҳим роль ўйнайди.
Ҳисоботда қуйидаги давлат сиёсати чоралари таклиф этилган:
Тегишли давлат сиёсати чораларини ишлаб чиқиш учун миграциянинг ҳар хил турларини белгилаш.
Ушбу чора-тадбирлар юқори малакали ва паст малакали муҳожирлар, шунингдек, иқтисодий имкониятларни излаётганлар ва қуролли можаролар туфайли ўз мамлакатини тарк этишга мажбур бўлганлар ўртасидаги фарқларни ҳисобга олиши керак. Ушбу соҳадаги сиёсат илмий маълумотларга асосланиши, ҳам миллий, ҳам минтақавий даражада мувофиқлаштирилиши лозим.
Меҳнат унумдорлигини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш, шунингдек, фуқаролар ва иқтисодиёт фаровонлигини ошириш мақсадида маҳаллий меҳнат ресурслари рақобатбардошлигини ошириш стратегиясида миграциянинг турли жиҳатларини интеграциялаш.
Миллий даражада бу ички меҳнат бозорини ривожлантириш бўйича мавжуд дастурлар доирасида зарур кўникма ва билимларни эгаллаш имкониятларини таъминлаш, шунингдек, меҳнат мигрантлари оқимини истиқболли ташқи бозорлар эҳтиёжларига мувофиқ самарали тақсимлашга қаратилган иммиграция стратегияларини ишлаб чиқишни назарда тутади.
Миграциянинг тегишли жиҳатларини миллий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегияларига интеграциялаш орқали “ақл оқими” тенденциясини “ақл ўсиши”га айлантириш.
Мигрантларнинг ўз юртларидаги давлат органлари меҳнат бозори эҳтиёжлари мониторингини амалга ошириш ва талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш учун таълимни биргаликда молиялаштириш механизмларини жорий этиш орқали бунга ҳисса қўшишлари мумкин.
Шунингдек, меҳнат бозорини ислоҳ қилиш ва хорижда иш тажрибасига эга бўлган мутахассисларни қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш орқали малакали мигрантларнинг ўз мамлакатига қайтишини рағбатлантириш зарур.
Хавфсиз ва ташкиллаштирилган миграция механизмларини ривожлантириш.
Мигрантларнинг ўз мамлакатларида рўйхатга олиш тизимларини жорий этиш ва мигрантларни қабул қилувчи давлатлар билан чет элда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган икки томонлама шартномалар тузиш муҳимдир. Аҳолини бошқа мамлакатларда ишга жойлашиш имкониятлари тўғрисида ишончли ахборот билан таъминлаш зарур.
Мигрантларнинг ўз мамлакатларидаги давлат органлари ўз фуқароларининг ижтимоий таъминоти ва суғуртаси бўйича тўловларнинг мигрантларни қабул қилувчи давлатларга “трансфер” қилинишига эришиш тавсия этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари 12,6 млрд долларни ташкил этгани хабар қилинганди. Маблағларнинг 78 фоизи Россиядан (9,8 млрд доллар) келиб тушган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мазкур даврига нисбатан 35 фоизга ошган. Мазкур трансферларнинг қолган қисми Қозоғистон (699 млн доллар), АҚШ (470 млн доллар), Жанубий Корея (458 млн доллар), Туркия (331 млн доллар), Буюк Британия (109 млн доллар) ва бошқа мамлакатлардан ўтказилган.
Live
Барчаси