“Миллий тикланиш” партияси рус амалдорларини “қора рўйхат”га “тиқмоқчи” (видео)

Жамият

image

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров Парламентга исталмаган шахслар рўйхатини киритишга ваъда берди. Бу ҳақда у бугун, 16 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашаётган айрим хорижлик пропагандист “ақллилар”нинг мамлакатга киришини чеклаш масаласи кўтарилди. 

“Андишани отини қўрқоқ деб қўйиш деган мақол бор-ку, Ўзбекистонни  бағри кенглигини, Ўзбекистонни тинчликпарвар сиёсатини ўзича талқин қилаётган айрим кучларга энди сал кескинроқ қараш вақти келди деб ўйлайман”, дейди Алишер Қодиров.

QALAMPIR.UZ журналисти сўнгги йилларда хорижда, хусусан Россияда, ўзбекистонликларга нисбатан таҳқирлаш ва босим ҳолатлари кузатилаётгани ва бунга жавобан айтарли ҳеч қандай амалий чора кўрилмаётгани юзасидан, “Бу каби вазиятларни назорат қилишни партиялар зиммасига олиб, номақбул шахслар рўйхатини Парламентга киритадими?”, деган таклифли савол билан мурожаат қилди.

Депутат бунга жавобан, бу масала бўйича “Миллий тикланиш” демократик партияси шуғулланмаса, бошқа ҳеч ким шуғулланмаслигини айтди. 

“Биз шуғулланамиз, чунки охирги марта мана бу Соловьёв гапириб чиққандан кейин, энди биз шуғулланмасак, бошқа ҳеч ким шуғулланмас экан, деган хулосага келиб бўлдик. Бу билан жиддий шуғулланмоқчимиз. Шу рўйхатни киритиб, Ташқи ишлар вазирлиги билан муҳокама қиламиз. Натижаси учун албатта ваъда бера олмайман, чунки қарор масаласи бор. Лекин таклиф бериш ва ташаббус кўрсатиш масаласини ўрнатамиз”, деди Қодиров

Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунга кўра, Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи ҳамда Ўзбекистон халқининг шаънини, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлар қилган ёхуд ҳаракатлар содир этган чет эл фуқаролари (ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар) мамлакатда бўлиши номақбул деб ҳисобланади ва уларнинг мамлакатга кириши тақиқланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Алишер Қодиров пропагандист

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг