Мирзиёев Охирзамон авлиёлари черкови оқсоқоли билан кўришди

Жамият

image

Бугун, 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Юта штатининг Исо Масиҳ Охирги замон авлиёлари черкови оқсоқоли Дэвид Беднар ва Stirling халқаро хайрия фонди раиси Майлс Хансендан иборат ишбилармонлар делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, учрашувда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник ҳам иштирок этган. Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларининг суръати ортиб бораётган шароитда Юта штати билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Ўзбекистон ва Юта штати ўртасидаги фаол мулоқот ва алмашинувлар мамнуният билан қайд этилган. Рақамлаштириш, таълим ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида қўшма лойиҳалар бошланган.

Инновациялар, тоғ-кон саноати, хотин-қизлар тадбиркорлиги, инклюзив таълим, соғлиқни сақлаш, сув таъминоти ва санитария соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш учун катта салоҳият борлиги таъкидланган. Якунда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш мақсадида Юта штати губернатори бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтонда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашган ва Марказий Осиё мамлакатлари Президентлари билан бирга C5+1 форматидаги саммитда қатнашганди.

Кейинроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозими жорий этилиши белгиланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида ўзаро манфаатли савдо-инвестициявий ва тижорат алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ҳамда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ушбу йўналишда ишларни самарали ташкил этиш мақсадида Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилиши маълум қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Дэвид Беднар Охирзамон авлиёлари черкови

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг