Мирзиёев Путинга сим қоқиб, уни табриклади

Жамият

image

Бугун, 7 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путинга телефон қилиб, уни 73 ёши билан табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари Россия етакчисини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, Россия халқига эса равнақ тилади.

Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичларининг ўсиш суръатини давом эттириш, етакчи корхона ва компанияларнинг саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор йўналишлардаги кооперация лойиҳаларини илгари суриш, икки мамлакат ҳудудларининг ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Фаол маданий-гуманитар алмашинувлар давом этаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Томонлар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди, бўлажак тадбирлар режасини муҳокама қилди.

Маълумот учун, Путин 1952 йил 7 октябрда Санкт-Петербург шаҳрида туғилган. У Россиянинг собиқ президенти марҳум Борис Ельцин қарорига биноан 1999 йилнинг 31 декабридан президент вазифасини бажарувчи бўлиб, 2000 йил 7 майда президентлик лавозимига ўтирди. 2004 йили у иккинчи муҳлатга сайланди. 2008 йилнинг 7 майида президентлик лавозимини Дмитрий Медведевга бўшатди.

Путин 2012 йилги Россия президентлик сайловида 64 фоиз овоз йиғиб, учинчи муҳлатга сайланди. У президентлик лавозимини 2012 йилнинг 7 майида эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилганди ва уни ҳам 73 ёши билан табриклаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Владимир Путин Ўзбекистон-Россия туғилган кун телефон суҳбати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг