Мирзиёев Бинали Йилдиримни қабул қилди
Жамият
−
12 Ноябрь 3906 1 дақиқа
Бугун, 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мултимодал ташувлар бўйича халқаро форумда иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдиримни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлат раҳбарига Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Кенгашнинг кўп томонлама ташаббусларни мувофиқлаштириш ва илгари суришдаги ўрни ҳамда фаол иштироки ортиб бораётганини ҳисобга олиб, ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
Жорий йилда Будапешт ва Габала шаҳарларида ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитларида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган стратегик таклифларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Президент Оқсоқоллар кенгашининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, туркий халқларнинг миллий анъаналари, маънавий мероси ва маданий бирлигини сақлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни илгари суриш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишни таклиф этган.
Маълумот учун, Бинали Йилдирим – туркиялик давлат ва сиёсат арбоби. 2016 йил 22 майдан 2017 йил 21 майгача Адолат ва тараққиёт партиясининг етакчиси бўлган. 2016 йил 22 майдан 2018 йил 9 июлгача Туркия Республикасининг сўнгги бош вазири лавозимида ишлаган. У мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг энг яқин тарафдорларидан бири ҳисобланади.
Live
Барчаси