Мисрда дунёдаги энг катта археологик музей очилди
Олам
−
03 Ноябрь 2445 2 дақиқа
Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Миср пойтахти Қоҳира яқинида “Буюк Миср музейи” номли дунёдаги энг катта археологик музей очилди. Бу ҳақда ушбу музей сайтида хабар берилди.
Мазкур мажмуа Мисрнинг сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик маданий лойиҳаси ҳисобланиб, 20 йил давомида қурилган ва 100 мингдан ортиқ артефактни ўз ичига олган. Унинг очилиш маросимида Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ҳамда ўнлаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этган.
“Бир неча миллиард доллар сарфланиб қурилган музей мамлакат тарихидаги янги саҳифадир. Музейдаги фиръавнлар даври ва кейинги асрларга оид бебаҳо бойликлар туризм ўсишига хизмат қилади. Режаларга кўра, бу ерга йилига 5 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюради”, дейди Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ўз нутқида.
Очилиш маросими мушак, симфоник оркестр чиқишлари, қадимги Миср фрескалари руҳидаги рақслар ва ёруғлик шоуси билан безатилган. Германия Президенти Штайнмайер музейнинг аҳамиятини “баҳолаб бўлмас даражада катта” деб атаб, у бутун дунёдан меҳмонларни жалб этишига ишонч билдирган.
Иншоот Гиза пирамидалари яқинида жойлашган бўлиб, шиша ва оч тусли қумтошдан қурилган. Деярли бир километрлик фасад ортида умумий 500 минг квадрат метр майдонни эгаллаган. Доимий экспозицияси 24 минг квадрат метрни ташкил этади бу бир маданиятга бағишланган дунёдаги энг йирик коллекция ҳисобланади.
Бош зал марказида Рамзес II нинг 11 метр баландликдаги, 83 тонна оғирликдаги ҳайкали ўрнатилган. Музейнинг энг қимматбаҳо қисми эса Тутанхамон мақбарасидан топилган 5000 дан ортиқ буюмлар тўплами, жумладан, машҳур олтин ниқобидир. Ташриф буюрувчилар, махсус деразалар орқали реставрация устахонасида ишлаётган мутахассисларни кузатишлари мумкин. Ҳозир у ерда 4,5 минг йиллик фиръавн кемаси тикланмоқда, у Хуфу (Хеопс) пирамидаси яқинидан топилган.
Қайд этиш жоиз, Япониянинг молиявий ва техник ёрдами билан амалга оширилган лойиҳаси минтақавий можаролар, сиёсий беқарорлик ва COVID-19 пандемияси сабаб бир неча бор кечиктирилган. Музейнинг айрим қисмлари 2024 йил октябридан синов тарзида очилган, тўлиқ очилиш эса эртага, 4 ноябрда амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мисрда 20 йил давом этган реставрация ишлари якунланиб, фиръавн Аменхотеп III нинг мақбараси илк бор сайёҳлар учун очилгани ҳақида хабар берилган эди.
Моҳичеҳра Қадамова
Live
Барчаси