Мияни ёш сақлаш сирлари: олимлар тавсия қилган 3 одат
Саломатлик
−
13 Май 1357 3 дақиқа
Ёш ўтиши билан инсон танасида бўлгани каби мия фаолиятида ҳам табиий ўзгаришлар кузатилади. Хотиранинг сустлашиши, диққатнинг пасайиши ёки маълумотни секинроқ қабул қилиш ҳолатлари кўпчиликка таниш. Аммо мутахассисларнинг айтишича, кундалик ҳаётдаги айрим оддий одатлар мияни узоқ йиллар давомида фаол сақлашга ёрдам бериши мумкин. Бу ҳақдаги тадқиқот BBC да элон қилинди.
Олимлар буни “когнитив захира”, деб атайди - яъни мия турли ўзгариш ва касалликларга бардош бера оладиган ички мустаҳкамликни шакллантиради. Қизиқ томони шундаки, бунинг учун мураккаб машқлар ёки қатъий режимлар шарт эмас. Баъзи оддий, ҳатто ёқимли машғулотларнинг ўзи ҳам мия фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Қуйида миянинг қаришини секинлаштириш учун олимлар тавсия қилган 3 усул келтирилган:
1. Фазовий фикрлашни машқ қилинг
Мутахассислар мия фаолиятини сақлаш учун фазовий навигация, яъни йўналишни мустақил топиш, манзилларни эслаб қолиш ва атроф-муҳитни онгда тасаввур қилиш кўникмаси муҳимлигини айтади.
Буюк Британиядаги Лондон Университет коллежи неврологи Деннис Чаннинг сўзларига кўра, Альцгеймер касаллигида энг аввал зарар кўрадиган ҳудудлардан бири ҳипокампус ҳисобланади. Айнан шу мия қисми хотира ва йўналишни аниқлаш билан боғлиқ.
“Биз Альцгеймерга чалинган одамларда илк белгиларидан бири сифатида адашиб қолиш ҳолатини кўп кузатамиз. Шу сабаб мия бу қисмини фаол ишлатиш жуда муҳим”, - дейди мутахассис.
Тадқиқотларда такси ҳайдовчилари ва тез ёрдам машинаси ҳайдовчиларида Альцгеймер билан боғлиқ муаммолар камроқ учраши қайд этилган. Олимлар буни уларнинг мунтазам равишда йўналишлар билан ишлаши ва харитасиз ҳаракатланишга одатланиши билан изоҳлайди.
Мутахассислар кундалик ҳаётда ҳам бу кўникмани ривожлантириш мумкинлигини айтади. Масалан: телефон навигаторсиз янги манзил топишга ҳаракат қилиш, сайр учун янги йўналиш танлаш ёки навигацион спорт турлари билан шуғулланиш.
2. Ижтимоий фаоллик мия учун фойдали
Олимлар одамлар билан мунтазам мулоқот қилиш ҳам мия фаолиятини сақлашга ёрдам беришини таъкидлайди. Тадқиқотларга кўра, ижтимоий ҳаётда фаол бўлган инсонларда когнитив пасайиш ва деменция хавфи сезиларли даражада камроқ учрайди.
Лондон Қироллик коллежи эпидемиологи Памела Алмеида-Мезанинг айтишича, суҳбатлашиш ва фикр алмашиш вақтида миянинг бир нечта қисмлари бир вақтнинг ўзида ишлайди. “Оддий суҳбатнинг ўзи ҳам мия учун машқ вазифасини бажаради. Инсон тинглайди, эслайди, жавоб қайтаради ва фикр юритади. Бу эса мияни фаол сақлайди”, - дейди у.
Ёлғизлик ва узоқ давом этадиган стресс эса аксинча, мия фаолиятига салбий таъсир қилади. Шу сабаб: яқинлар билан кўпроқ вақт ўтказиш, дўстлар билан учрашиб туриш, жамоавий машғулотларда қатнашиш, китобхонлик, шунингдек, қизиқарли клубларига қўшилиш фойдали ҳисобланади.
3. Янги нарсаларни ўрганишдан тўхтаманг
Олимлар мияни фаол сақлашнинг энг самарали усулларидан бири - доимий ўрганиш эканини айтади. Янги билим ва кўникмалар миядаги нерв ҳужайралари ўртасидаги боғланишларни мустаҳкамлайди.
Тадқиқотларга кўра, ҳаёти давомида ўқиш ва ўрганишни давом эттирган инсонларда деменция, яъни ақл заифлашуви хавфи камроқ бўлади. Психолог Алан Гоwнинг айтишича, бунда катта ўзгаришлар қилиш шарт эмас. “Ёшимиз нечада бўлишидан қатъи назар, миямизни бироз кўпроқ ишлатадиган одатларни кундалик ҳаётга қўшиш фойда беради”, - дейди у.
Мутахассислар қуйидаги машғулотларни тавсия қилади: янги тил ўрганиш, китоб ўқиш, боғдорчилик билан шуғулланиш, мусиқа асбобини ўрганиш ҳамда янги ҳобби топиш.
Олимларнинг таъкидлашича, мия доимий равишда янгилик ва фаолиятни ёқтиради. Энг муҳими, инсон ўзига қизиқ бўлган машғулотни танлаши керак. Чунки ёқимли жараён сифатида бажарилган фаолият узоқ давом этади ва кўпроқ фойда беради.
Зарнигор Худойбердиева
Live
Барчаси