Москвада генерал ўлдирилиши бўйича нималар маълум?
Олам
−
23 Декабрь 8121 5 дақиқа
Кеча, 22 декабрь куни Москвада портлаш оқибатида 12 ой ичида учинчи рус армияси генерали ҳалок бўлди. Марҳум Фанил Сарваров ҳарбий машқларга, жумладан, Россиянинг Украинага бостириб киришидан олдинги машқларга раҳбарлик қилган.
Россия Қуролли Кучлари Бош штаби операцион тайёргарлик бўлими бошлиғи генерал-лейтенант Фанил Сарваров шаҳар жанубида содир бўлган автомобиль портлаши оқибатида ҳалок бўлди. Портлаш Ясеневая кўчасидаги 12-бино яқинидаги автотураргоҳда содир бўлган. Портловчи мослама “Kia Sorento” автомобилининг тагига ўрнатилган. “Агентства” нашрининг хабар беришича, портлаш содир бўлган бинода бир нечта Россия Федерацияси Қуролли Кучлари Бош штаби Бош бошқармаси зобитлари яшайди.

Тергов қўмитаси умумий хавфли усулда содир этилган қотиллик (Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисмининг “э” банди) ва портловчи моддаларни ноқонуний олиб кириш (Россия Жиноят кодексининг 222.1-моддаси) моддалари бўйича жиноий иш қўзғатди.
“Қотиллик бўйича турли назариялар текширилмоқда. Улардан бири жиноят Украина махсус хизматлари томонидан уюштирилганлиги”, деб хабар берди агентлик.
Сарваров ҳақида нималар маълум.
Фанил Сарваров жамоат арбоби эмас эди. Ўлдирилишидан олдин унинг исми ҳеч қачон Россия ахборот агентликлари веб-сайтларида кўринмаган эди. Россия Мудофаа вазирлигининг Ғарбий ҳарбий округи томонидан нашр этилган “Ватан қўриқчиси” газетасидаги “Запад-2021” машқлари ҳақида ёзилган мақолада Сарваров ҳақида эслатиб ўтилган. Кенг кўламли машқлар Россиянинг Украинага бостириб киришидан олти ой олдин бўлиб ўтган ва шундан сўнг рус қўшинлари босқинчиликдан олдин ғарбий чегаралар бўйлаб тўплана бошлаган.
“Комсомолская правда” газетасининг ҳарбий кузатувчиси ва Россия Мудофаа вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Виктор Баранец Сарваровнинг Бош штабдаги бошқармасини Россия армиясининг “асосий марказларидан бири” ва “мия марказлари” деб атади.
Сарваров 1969 йил 11 мартда Перм вилоятининг Гремячинск шаҳрида туғилган. Қозон олий танк қўмондонлик мактабини, зирҳли кучлар ҳарбий академиясини ва Россия Қуролли Кучлари Бош штаби ҳарбий академиясини тамомлаган.
“Коммерсанть” хабар беришича, у 1992 йилдан 2003 йилгача Осетия-Ингуш можароси ва Чеченистондаги урушда, 2015-2016 йилларда эса Суриядаги урушда жанг қилган. 2016 йилда Сарваров Россия Қуролли Кучлари Операцион тайёргарлик бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган. Мудофаа вазирлиги веб-сайтига кўра, ушбу бўлим ҳарбий машқларни режалаштириш ва ташкил этиш учун масъулдир. 2024 йил май ойида Россия Президенти Владимир Путин Сарваровни генерал-лейтенант унвонига кўтарган. Генерал “Жасорат” ордени, Суворов медали, 2-даражали “Ватанга хизматлари учун” ордени, 2-даражали “Ҳарбий хизматлари учун” ордени ва 1-даражали “Ватанга хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Кремль ва Россия Мудофаа вазирлиги Сарваровнинг ўлдирилиши бўйича ҳеч қандай изоҳ бермади. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков шунчаки хавфсизлик хизматлари генералнинг ўлдирилиши ҳақида Путинга хабар берганини айтди. Россиянинг Украинага бостириб кириши контекстида Сарваровнинг аниқ миссиялари ҳақида очиқ манбаларда маълумот йўқ .
Маълумот ўрнида, Сарваровнинг ўлдирилишидан олти ой олдин, 2025 йил апрель ойида Бош штаб Бош операциялар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ярослав Москалик Москва яқинидаги Балашихада автомобиль портлаши оқибатида ҳалок бўлганди. Портловчи мослама портлаган пайтда у тўхтаб турган машина ёнидан ўтаётган эди. Москаликнинг уйи ҳарбий нафақахўрлар учун мўлжалланган тураржой ҳудудида жойлашган эди. Москалик 2015 йилда Украина билан музокараларда иштирок этган эди.
Генерал қўмондонлик қилган Бош штабнинг Бош операцион бошқармаси барча Россия ҳарбий операцияларини режалаштиришда асосий элемент ҳисобланади.
Портлашдан кейинги кун Федерал хавфсизлик хизмати қотиллик содир этган Игнат Кузиннинг ҳибсга олинганини эълон қилиб, уни “Украина махсус хизматлари агенти” деб таърифлади. Август ойида ФХХ Саратов вилоятида 1976 йилда туғилган Россия фуқароси генерал Москаликнинг ўлдирилишига шерик бўлгани учун ҳибсга олинганини хабар қилди. Кузин 2025 йил ноябрь ойида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Шунингдек, 2024 йил декабрь ойида Москванинг жануби-шарқида Радиация, кимёвий ва биологик мудофаа (РCБД) кучлари бошлиғи генерал-лейтенант Игор Кириллов ҳам шунга ўхшаш вазиятда вафот этди. Кириллов чиқаётган эшик ёнида турган электр скутернинг тутқичига бомба ўрнатилган эди. Портлашдан бир кун олдин Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) Кирилловга қарши сиртдан шубҳа билдириш тўғрисида хабар берди. УХХ маълумотларига кўра, генерал Украинага бостириб кириш пайтида Россия кучлари томонидан кимёвий қурол ишлатилгани учун жавобгар бўлган.
Кирилловнинг ўлдирилишида гумон қилиниб, Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган. Тергов қўмитасининг маълумотларига кўра, у гўёки Украина махсус хизматларининг кўрсатмалари асосида ҳаракат қилган.
Киев Кириллов ва Москаликнинг ўлдирилишида иштирокини расман тасдиқламади, аммо унинг ўлимидан бир неча кун ўтгач, Президент Владимир Зеленский Украина Ташқи разведка хизмати раҳбари “Россия қуролли кучларининг юқори қўмондонлигидан шахсларнинг йўқ қилингани ҳақида хабар берганини” ёзди. “Адолат муқаррар равишда келади”, дея қўшимча қилганди Зеленский.
Кириллов ҳам УХХ махсус операциясида ўлдирилганини хавфсизлик хизматидаги манбалар ОАВга тасдиқлади. Бироқ, Киев генералнинг ўлдирилишига алоқадорлигини очиқчасига рад этди.
“Украина террористик усуллардан фойдаланмайди”, деди Президент девони раҳбарининг маслаҳатчиси Михайло Подоляк.
Унинг таъкидлашича, барча қарорлар фақат жанг майдонида қабул қилинади, “ташқарида” эмас. Шунингдек, у россиялик генерал “тўпланиб қолган ички можаролар” оқибатида ўлдирилганини даъво қилди.
Live
Барчаси