Муаммони ёритган журналист судга берилди

3-саҳифа

“Менинг Юртим” телеканали мухбири Рухсора Ғафурова Жиззах вилоятида Халқ банки ходимаси бир неча фуқаролар номига кредит расмийлаштириб, уни ўзлаштириб юборгани ҳақида суриштирув эълон қилган эди. Унда мурожаатчилар икки йилдирки ойлик ва пенсия маблағлари ўзларининг номига банк ходими томонидан олинган кредит сабаб банкка ўтиб кетаётганини айтишган.

“Пластикка қанча ойлик тушса, ҳаммасини оляпти, ҳаммасини ечиб олади, тийин-тийинигача ечиб олади. Болаларнинг қўшимча дарслари бор эди, пулимиз етмаётгани учун ҳатто қўшимча дарслардан ҳам боламизни олдик. Энди биз, мисол учун, емаган сомсамизга пул тўлаб, у олган кредити учун, ўзининг эҳтиёжларга ишлатган пули учун бизлар нима учун унга пул тўлашимиз керак?” дея эътироз билдиришган мурожаатчилар.

Мазкур суриштирувдан сўнг маъмурий иш очилди. Лекин кредит пулларни бировнинг номига расмийлаштириб, уни ўзлаштириб юборгани айтилган банк ходимига эмас, балки бу муаммони ёритиб чиққан журналистга.

“Менинг Юртим” телеканали мухбири Рухсора Ғафурова ушбу ҳолат бўйича мурожаатчилар томонидан келиб тушган аризалардан келиб чиққан ҳолда Халқ банкида журналистика суриштирув ўтказган. Ушбу суриштирув натижаси бўйича видео материал ижтимоий тармоқларда тарқатилган, яъни эълон қилинган. Бундан норози бўлиб, Гулнур Болтаева исмли фуқаро, яъни ўша Халқ банки ходимаси томонидан судга мурожаат қилинган, яъни журналист шахсга доир маълумотни ошкор қилганини айтган ва ўзининг аризасига кўра жиноят иши қўзғатишни сўраган. Бироқ ИИО жиноий иш қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиб, маъмурий иш қўзғатилган”, деди журналистнинг адвокати.

Бугун, 26 февраль куни мазкур иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судида кўриб чиқилиши керак эди, аммо маълум сабабларга кўра, суд ишни терговга қайтариб юборди.

“Биз ушбу масала бўйича бир неча марта ички ишлар органлари билан суҳбат ўтказганмиз. Лекин профилактика инспектори маъмурий иш материаллари билан танишишдан бош тортган ва бизни иш билан таништирмаган. Бугунги кунга қадар ҳам ҳимояда тўлиқ маъмурий иш материаллари мавжуд эмас. Рухсора Ғафурова ҳам маъмурий иш материаллари билан танишиш бўйича мурожаат қилган. Аммо аризада қандай ҳужжатлар борлиги, нима билан айбланаётгани борасида умуман таништириб чиқилмаган. Бу ҳам ҳимоянинг бузилиши ҳисобланади. Лекин бугун судга келсак, соат 10:00 даги суд процесси бўлмайдиган бўлди. Нега бўлмайди? Буни шу ерга келганда билдик. Судья айтяпти: “Мен бугун соат 10:00 дан сал эртароқ буни ишлар органларига қайтариб юбордим, чунки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги материалда камчиликлар бор. Уларни бартараф қилиш учун қайтардим”, деди адвокат Даврон Аҳмедов.

Ушбу ҳолат бўйича журналист Рухсора Ғафурованинг ўзи ҳам фикр билдирар экан, агар бугунги суд бўлганида адолатли қарор чиқарилишига ишонганини айтди.

“Бугунги кунда ўзга номига кредитлар расмийлаштириб юборилганини кўряпмиз. Бу ҳақида албатта кимдир гапириши керак, тўғрими? Агар битта ҳолатда битта киши журналистларга бир воқеани айтиб берса, бу минглаб бошқа ҳолатларнинг олдини олиши мумкин”, деди у.

Халқ банки ходими журналистик суриштирув давомида унинг исми очиқланганидан норози бўлган ва журналистни судга берган. Аммо суриштирув давомида фуқаронинг ўзи у номига кредит олган банк ходимининг кимлигини очиқлаган. Шу сабабдан, журналистнинг адвокати унинг ҳеч қандай қонун-қоидани бузмаганини айтмоқда. Ҳимоя томони фикрига кўра, Рухсора Ғафурова томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилмаган ва шахсий маълумотларни ошкор қилишга қаратилган ҳаракатлар йўқ.


Мақола муаллифи

Теглар

Халқ банки кредит Рухсора Ғофурова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг