Муносабатлар дарз кетди: Россия Арманистондаги элчисини чақириб олди
Олам
−
30 Май 4895 2 дақиқа
Россиянинг Арманистондаги элчиси Сергей Копиркин маслаҳатлашувлар учун Москвага чақирилди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Вазирлик баёнотига кўра, бу қарор Арманистон раҳбариятининг Европа Иттифоқи билан яқинлашиш бўйича қадамларига боғлиқ бўлиб, Москва уларни Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги ҳамкорликка зарар етказаётган ҳаракатлар деб баҳоламоқда.
Аввалроқ, Остона шаҳрида бўлиб ўтган ЕОИИ саммити якунида Россия, Беларусь, Қирғизистон ва Қозоғистон Арманистонни имкон қадар тезроқ референдум ўтказиб, Европа Иттифоқи ва ЕОИИ ўртасидаги танлов бўйича аниқ қарор қабул қилишга чақирган эди.
Саммит якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда декабрь ойида Арманистонга нисбатан ЕОИИ тўғрисидаги шартнома амалини тўхтатиб туриш эҳтимолининг оқибатлари юзасидан махсус ҳисобот тақдим этилиши айтилган. Бунга Арманистоннинг Европа Иттифоқига қўшилиш истаги туфайли иттифоқ мамлакатлари иқтисодий хавфсизлигига юзага келиши мумкин бўлган хатарлар сабаб қилиб кўрсатилган.
Россия Президенти Владимир Путиннинг таъкидлашича, агар Ереван ЕОИИдан чиқса, эркин савдо ҳудудидан маҳрум бўлади, темирйўл тарифлари ошади ва автомобиль ташувчиларга қўйиладиган талаблар кучаяди. Шунингдек, энергия ресурслари нархининг қимматлашуви Арманистонга ЯИМнинг камида 14 фоизига тенг иқтисодий зарар келтириши мумкин.
Шу билан бирга, Путин Арманистон қандай қарор қабул қилишидан қатъи назар, Россия билан гуманитар ва сиёсий алоқалар сақланиб қолишини, гап фақат иқтисодий масалалар ҳақида кетаётганини айтди.
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян эса мамлакатнинг ЕОИИдан чиқиши кун тартибида йўқлигини бир неча бор таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Ереван Москва билан муносабатларга зарар етказишни истамайди, бироқ Арманистон манфаатларини бошқа давлат манфаатларидан устун қўяди.
Арманистонда Европа интеграцияси жараёни 2024 йил баҳорида бошланган. Мамлакат парламенти Европа Иттифоқига аъзолик истиқболини кўзда тутувчи қонун лойиҳасини 2025 йил март ойида якуний ўқишда қабул қилган, кейинчалик ҳужжат Президент томонидан имзоланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ереван Европа Иттифоқи билан яқинлашиш позициясини давом эттирса, Россия Арманистонга газ, нефть маҳсулотлари ва ишлов берилмаган олмос етказиб бериш тўғрисидаги келишувни тўхтатиб қўйиши ёки бир томонлама тартибда бекор (денонсация) қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси