НАТО штабини АҚШга кўчиради

Олам

image

НАТО Дания, Швеция ва Финландия мудофаа режасини тайёрлаш бўйича масъулиятни Нидерландияда жойлашган штабдан АҚШдаги қўмондонликка ўтказади. Бу ҳақда  Шимолий Атлантика альянсининг Европадаги Қўшма қуролли кучлари қўмондони Алексус Гринкевич маълум қилди.

Қайд этилишича, ўзгаришлар 2025 йил 5 декабрдан кучга киради, шу муносабат билан Финландияда тантанали маросим ўтказилади. Қарор НАТОнинг рақиблари бутун дунё бўйлаб тарқалгани, шу боис Евроатлантика минтақасини ва альянснинг Шимолдаги позициясини имкони борича мустаҳкамлаш жуда муҳим экани билан изоҳланган.

Таъкидланишича, Норфолкдаги НАТО штаби аллақачон Атлантика океани, Арктика, Гренландия, Исландия, Норвегия ва Буюк Британия хавфсизлиги учун жавоб беради.

“НАТО қўмондонлиги нуқтаи назаридан Норфолк Шимолий Америка ва Европа ўртасидаги стратегик кўприк бўлиб, фақат денгиз коммуникацияларимизни ҳимоя қилиш билан чекланиб қолмайди”, дейди Гринкевич.

Шу билан бирга, Германия ва НАТОнинг Шарқий Европадаги мамлакатларини ҳимоя қилишни ташкил этиш бўйича масъулият барибир Брюнсюмдаги штаб зиммасида қолади.

22 ноябрь куни Нидерландиядаги иккинчи йирик аэропорт – Эйндховен (Брюнсюмдан 80 км узоқликда жойлашган) ҳудуди устидан бир неча дрон кузатилгани сабабли икки соатга ўз фаолиятини тўхтатган. Бир кун аввал эса мамлакат Мудофаа вазирлиги Эйндховендан 40 км узоқликда жойлашган Волкел қишлоғидаги ҳарбий авиабаза устидан дронларни уриб тушириш учун қурол ишлатилгани ҳақида ҳисобот берган эди.

Куз фасли бошидан бери Европанинг бошқа мамлакатларидаги аэропортлар ва бошқа объектлар устида ҳам дронлар билан боғлиқ кўплаб ҳодисалар рўй берган. Жумладан, Германия, Дания, Белгия, Швеция, Норвегия ва Польшада бундай ҳолатлар қайд этилган.

Ушбу эпизодлар ва шунга ўхшаш бошқа ҳолатларда Дания махсус хизматлари Россия ғарбий давлатларга қарши гибрид уруш олиб бораётганини маълум қилган. Бироқ Европа осмонидаги дронларга РФ алоқадорлигини исботловчи далиллар йўқ. Россия Президенти Владимир Путин бу айбловларни рад этиб, Европа шаҳарларида Россия дронлари учун ҳеч қандай мақсад йўқлигини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТО Италия соҳилидаги Ўртаер денгизида “Нептун зарбаси” (Neptune Strike) номли ҳарбий-денгиз машқларини ўтказганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ НАТО

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг